Юзага чиқмай келган ҳақиқат қарор топди
Дилафруз Гафурова қатағон қурбони Гафур Султоновнинг эвара келини.


Бу сулола вакиллари йиллар давомида бобосининг оқланишини кутиб яшашди. Гафур Султонов 1930 йил 27 октябрдаги Марказий Осиё Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси (БДСБ) Мухтор вакили қошидаги Учлик кенгаши қарори билан Ўзбекистон ССР ЖК 58-модда 2-қисми (қуролли тўдалар, совет ҳудудига қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий мақсадларда бостириб келиши) ва 59-модда 3-қисми (Чет эл давлатлари билан аксилинқилобий мақсадларда алоқада бўлиш) бўйича айбдор деб топилган ва отувга ҳукм қилинганди.Шукрки, бугун Олий суд ҳукмига кўра,у оқланди.Ушбу кун Гафуровлар сулоласи учун ҳақиқий тантана бўлди. Боиси, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат қарор топди.
Бугун Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов раислигида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, мустабид совет тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган жами 6 та жиноят иши бўйича 115 нафар шахсга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлислари ўтказилган. Хусусан, Олий суд апелляция инстанцияси Носирхон Тўраев ва бошқа шахсларга нисбатан ишни кўриб чиққан ҳамда 1930 йил 27 октябрдаги суд процессида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланиб, чиқарилган ҳукм бекор қилинган. Шунингдек, Ибрагим Чакабаев ва 16 нафар шахс, Осман Теригулов, Гафур Султанов, Кивам Кирамовлар ҳам Жиноят проццессуал кодексининг 83-моддасига асосан оқланган.
Бугун Олий судда 115 нафар қатағон қурбонлари айбсиз деб топилиб, уларнинг пок номлари оқланди.







