Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муаммони ҳал қилиш учун саммит ўтказилиши кутилмоқда
Ироқ Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кескинликни юмшатиш учун Бағдодда саммит ўтказиши маълум бўлди. Бу ҳақда «The Jerusalem Post» хабар берди.

Айтилишича, мазкур саммитда бу муаммодан ташқари Ямандаги уруш, Ливандаги тартибсизликлар ва минтақадаги сув инқирози муҳокама қилинади. Қайд этилишича, Саудия Арабистони ва Эрон расмийлари саммитда иштирок этиши ҳали аниқ эмас.
Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги узоқ муддатли зиддиятлар 2019 йилда Саудия Арабистони нефть заводларига қилинган ҳужумдан сўнг пайдо бўлган. Маълум бўлишича, бу воқеа Саудиянинг нефть ишлаб чиқариш ҳажмини деярли икки мартага қисқартирган. Ар-Риёд томони ҳужумда Эронни айбдор қилган. Расмий Теҳрон эса бу айбловни рад этган.
Ироқ расмийлари Эроннинг янги президенти Иброҳим Раисийнинг йиғилишда иштирок этишига умид қилмоқда. Улар саммитга кўрфаз давлатларидан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари вазирлари ҳам келишини кутаётгани айтилган.
«Агар биз ташқи ишлар вазирларини бир столда тўпласак, бу эронликлар ва кўрфаз араблари ўртасидаги зиддиятни тугатиш учун ютуқ деб ҳисобланиши мумкин», — деган саммит ҳақида Ироқ Бош вазирига яқин расмий.
Аввалроқ, “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан учрашув ўтказгани хақида маълумот берган эдик.







