Араб давлатлари Афғонистонга гуманитар ёрдам беришга келишиб олди
Араб давлатлари Афғонистонга гуманитар ёрдам беришга келишиб олди, дея хабар бермоқда “Риа Новости”.


16 сентябрь куни Ар-Риёдда Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қувайт ва Уммон ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтган. Унда барча томонлар афғон халқини қўллаб-қувватлаш ва гуманитар ёрдам беришда давом этишни маълум қилган. Шунингдек, араб давлатлари турли кучларни "умумдавлат манфаатларини ҳимоя қилиш"га чақирди.
Қайд этиш лозимки, Қатар ва БАА толиблар ҳокимияти ўрнатилгандан кейин афғон халқига биринчилардан бўлиб ёрдам бераётган давлатлардан саналади. Шунингдек, Афғонистондан эвакуация жараёнларида ҳам Ғарбга катта ёрдам берган. Масалан, БААда 5 минг қочоқ жойлаштирилган бўлса, Қатар эвакуация жараёнида асосий транзит давлат вазифасини бажармоқда.
Афғонистонда гуманитар вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Турли давлатлар мамлакатга ёрдам жўнатяпи. Хусусан, Ўзбекистон 14 сентябрда 1.3 минг тонна кўмак берди. Шунингдек, БМТ афғон халқи учун қўшимча 1 миллиард доллар маблағ ажратишини эълон қилган.
Маълумот ўрнида: 15 август куни “Толибон” ҳаракати Кобулни эгаллаган. 31 августда АҚШ Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Ҳаракат томонидан эгалланмаган ягона вилоят Панжшер эди. Аммо 6 сентябрда ушбу ҳудуд ҳам “Толибон” назоратига ўтди. Шундан кейин толиблар 7 сентябрь куни мамлакатнинг янги ҳукумати тузилганини эълон қилди.
Жаҳонгир Қўзиев







