Айни кунларда гриппга қарши вакцина олиш тўғри танлов
Куз мавсуми бошланди. Маълумки, ҳаво ҳарорати пасайгани сабаб турли хил касаллик ва вирусга чалиниш ҳолатлари ортади.

Грипп ва ЎРВИ ҳам шулар жумласидан. Айни вақтдаги пандемия ҳолати сабаб мазкур вируслардан ҳимояланиш муҳимдир.
Миллий эмлаш календарига асосан гриппга қарши эмлаш жараёнлари сентябрь-октябрь ойларидан март ойига қадар давом этиши белгиланган.
Грипп фуқаролар орасида қўрқинчли касаллик сифатида кўрилмаса ҳам, ўз вақтида даволанмаса, организмда турли хил асоратлар қолдириши мумкин.
Касални даволагандан кўра, уни олдини олган маъқул. Шу боис касалликнинг авж олиб кетмаслиги учун вакцина ишлаб чиқилган. Вакцина касалликдан буткул ҳимоя қилади, дегани эмас. Организмни ташқи омиллардан ҳимоялаш одамни ўзига боғлиқ. Гриппга қарши вакцина йўриқномасида 98 % ли ҳимоя кўрсатилган.
Юртимизда турли давлатлардан олиб келинган вакциналар мавжуд бўлиб, Нидерландия, Германия, Хитой, Ҳиндистон ва Россия Федерацияси томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар самарадорлиги энг юқорилари ҳисобланади. Фуқаролар хоҳишларига кўра, қайси вакцинани олишни ҳал қилиши мумкин.
Барча вакциналар сингари гриппга қарши вакцина ҳам одам организмида 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ҳосил қилади. Таъсир кучи 1 йилгача сақланиб қолади. Бу касалликка қарши эмлаш орқали аҳоли орасидаги нафас йўли касалликларини камайтириш мумкин.
Кўплаб вакциналарда бўлгани каби бунда ҳам қарши кўрсатмалар мавжуд. Вакцинация жараёнида шахснинг умумий саломатлиги текширилади. Бу вақтда эмланадиган фуқаро шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан батамом ҳоли бўлиши зарур. Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик ҳам бўлмаслиги керак.
Грипп тарқалиш мавсумида Covid-19 вируси янада хавфлироқ тус олади. Вакцина коронавирусдан ҳимоя қилолмаса ҳам грипп билан боғлиқ асоратлар, шунингдек, касалхонага жойлашиш ва хатто, ўлим хавфини ҳам камайтиради. Шу сабабдан, айни кунларда гриппга қарши ваксина олиш тўғри танлов ҳисобланади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Рустам Икромов билан ҳамкорликда
Мафтуна Режаббоева тайёрлади







