“COVID-19'сиз саёҳат” иловаси бўлмаган фуқаролар Россияда юриши тақиқланади
1 сентябрдан Россияга Ўзбекистон ҳудудидан келганлар учун “COVID-19'сиз саёҳат” ("Путешествую без COVID-19") иловадан фойдаланиш мажбурий бўлди. Бу ҳақида “Spot.uz” хабар берди.


Унда айтилишича, Ўзбекистон Эвроосиё тараққиёт банкининг рақамли ташаббуслари жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган "COVID-19'сиз саёҳат" иловасига қўшилди. 2021 йил 1 сентябрдан Россияга Озарбайжон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳудудидан келганлар учун иловадан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди.
Мазкур илова COVID тестини ўтказиш учун сертификатланган лабораторияларни топишга имкон беради. У ердан манфий (вирус аниқланмаган) натижа олингач, фойдаланувчига яшил QR-коди берилади. У чегарадан ўтишда Роспотребнадзор ходимларига тақдим қилинади.
Иловани “AppStore”, “GooglePlay” ва “AppGallery” илова дўконларидан юклаб олиш мумкин.
Дастурда иккита тилдан бири танлагандан сўнг (рус ёки инглиз), фойдаланувчига ПЦР лабораториялари топиш таклиф қилинади. Бунинг учун манзилни киритиш лозим бўлади. Шунингдек, келиш ва кетиш мамлакатини ҳам танлаш керак. Шундан сўнг, иловада лабораториялар рўйхати, манзиллари ва телефон рақамлари пайдо бўлади. Бундан ташқари, фойдаланувчи дастур тақдим қилган харитада ўзига яқин бўлган лабораторияни кўриши мумкин.
ПЦР тест маркази аниқлангандан сўнг учрашув белгилаш мумкин. Лаборатория реестрига мижознинг паспорт серияси ва рақами киритилади.
Тест натижалари олингандан кейин ундаги QR-коди дастур орқали сканерланади. Қўшимча равишда, фуқаролик паспорти ҳам сканерланиши зарур. Акс ҳолда, чегарада кўрсатилиши керак бўладиган охирги QR-коди «яратилмайди».
Тест натижасининг қоғоз версияси билан саёҳат қила оламанми деган савол туғилиши мумкин.
1 сентябрдан бошлаб, Ўзбекистон ҳудудидан Россияга кирганда, иловадан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланди. Бироқ учинчи давлатдан Ўзбекистон орқали Россия Федерациясига учадиган транзит йўловчилар бундан мустасно. Бунинг учун улар келишидан уч кун олдинги ўтказилган салбий ПЦР тестини, шунингдек, бутун йўналиш бўйича чипталарини тақдим этишлари шарт.
Маълумотлар Россия шаҳарлари аэропортларида Роспотребнадзор ходимларига тақдим этилади.
Аввалроқ ўзбекистонлик қурувчилар "Восточный" космодромида ишга жалб этилишлари ҳамда Россия ва Ўзбекистон: авиарейслар сони оширилаётгани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







