Жаҳон чемпионати совриндорларига пул мукофотлари топширилди
Бугун Греция давлатида бўлиб ўтган самбо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритган спортчиларимиз тантанали кутиб олинди.

Шундан сўнг самбочиларимиз Туризм ва спорт вазирлигига таклиф этилди ва махсус пул мукофотлари билан тақдирланди. Мукофотларни Туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Каримов ва Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби О.Касимов топширди ва спортчиларни қўлга киритган ютуқлари билан табриклаб, миннатдорлик билдирди.
Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган самбочиларимизга 10 миллион сўм, кумуш медаль эгаларига 5 миллион, бронза медали соҳибларига эса 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жаҳон чемпионатида спортчиларимиз 6 та олтин, 3 та кумуш ва 8 та бронза медалини қўлга киритди.
Аввалроқ самбочиларимиз жаҳон чемпионатида 17 та медални қўлга киритгани ва самбо бўйича жаҳон чемпионатини ҳамюртларимиз муваффақиятли бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







