Ҳиндистоннинг Жаваҳарлал Неру университетида ўзбек тили курслари очилди
21 октябрь — ўзбек тили байрами нафақат юртимиз бўйлаб, балки бутун дунёда кенг нишонланиб келинади. Хусусан, Ҳиндостондаги Жаваҳарлал Неру университетида ҳам тадбир ташкил этилди.


Сана муносабати билан юртимизнинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов Жаваҳарлал Неру университетига ташриф буюриб, университетнинг Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби декани Мазхар Асиф билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахбарот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Жаваҳарлал Неру университети ўзбек тили бўйича ўқув курслари мавжуд бўлган Ҳиндистондаги иккинчи олий таълим муассасасига айланди. Дастлабки босқичда ўзбек тили курслари ушбу университет талабалари учун қўшимча (факультатив) дастур сифатида ташкил қилинган. Келаси ўқув йилидан бошлаб эса мазкур ўқув курслари битирувчиларига тегишли сертификатлар тақдим этилади.
Таъкидланишича, Мазхар Асиф янги очилган ўзбек тили курсларни ҳинд ёшлари орасида оммалаштириш, унинг фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистондаги тегишли олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликка тайёр эканини қайд этди.
"Ўзбек тили байрами куни арафасида ушбу ўқув йилидан бошлаб университетимиздаги форс ва Марказий Осиё тилларини ўрганиш марказида ўзбек тилини ўқитиш курслари очилганлигини қувонч билан таъкидламоқчиман. Ўзбек тили ҳақида сўз кетганда биз фақатгина тил эмас, балки умумий тарих, бой маданият, санъат, қадрият ва инсон учун қадрли бўлган кўплаб жиҳатларни тушунамиз" — дейди Жаваҳарлал Неру университети Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби декани Мазхар Асиф.
Маълумот учун: Жаваҳарлал Неру университети Хорижий тиллар, адабиёт ва маданият мактаби университет таркибига кирувчи энг йирик муассасалардан бири бўлиб, у ерда бугунги кунда 13 та марказ ва 200 нафардан ортиқ профессор ва доцент фаолият олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини 21 октябрь — ўзбек тили байрами муносабати билан табрик йўллаганди.
Аввалроқ давлатимиз раҳбари "Агар ўзбек тилининг бойлигини, чиройини билишни хоҳласангиз, Иброҳим акага мурожаат қилиш керак", дея таъкидлаганди. Шунингдек, "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" халқаро кўрик-танловида британиялик Томас Вельсфорд ғолиб бўлгани, ахборот-қидирув тизимлари учун ўзбек тилининг дастурий воситаси яратилгани ҳамда “Автобусга сиғмай қолган” ҳарфлар ёки биз қаерда хато қилдик? номли мақола тақдим қилинган эди.







