"Қадринг баланд бўлсин, она тилим" халқаро кўрик-танловида британиялик Томас Вельсфорд ғолиб бўлди
Тил — давлат тимсоли, миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги, халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Хабарингиз бор, 1989 йилнинг 21 октябрь куни Ўзбекистонда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган ва 21 октябрь санаси Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланган.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлиши муносабати билан нафақат бутун республика бўйича, балки хориж давлатларида ҳам қатор маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмокда.
Хусусан, Буюк Британияда ўзбек тили, маданияти ва тарихини кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш мақсадида Оксфорд университети тадқиқотчиси, тарих фанидан маърузачи Томас Вельсфорд билан учрашув ўтказилди.
"Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, ўзбек тилини пухта ўрганган британиялик олим Томас Вельсфорд 2020 йил октябрь ойида Ўзбекистоннинг давлат тили куни муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан ўтказилган "Қадринг баланд бўлсин, она тилим" халқаро кўрик-танловида фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов Давлат тилини ривожлантириш департаментининг Фахрий ёрлиғи ҳамда 5 жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ва “Давлат тилида иш юритиш” китобларини британиялик тадқиқотчига тақдим этди.

Томас Вельсфорд ушбу юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди. У Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда олиб борилган илмий тадқиқотлар натижасида 2012 йилда чоп этилган, Самарқанддаги Тарих, археология ва санъат музейида сақланаётган араб графикасидаги қўлёзмалар жамланган "A Catalogue of Arabic-Script Documents from the Samarkand Museum" китобини топширди.
Британиялик тадқиқотчи 2010 йилдан буён Ўзбекистон тадқиқот марказлари, хусусан, Фанлар академияси, Ўзбекистон миллий университети, Самарқанддаги Тарих, археология ва санъат музейи билан илмий ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Таъкидланишича, мулоқот чоғида Томас Вельсфорд 2022 йилда Ўзбекистонга бориш ниятини маълум қилди. Мазкур илмий сафар давомида у Ўзбекистон тарихига оид тадқиқотлар олиб бориш ҳамда қатор университетларда, жумладан, Самарқанд давлат университетида тарих фанидан маърузалар ўқишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ вазирлик ва қўмиталарнинг алоқа операторлари асосан русий забонда сўзлаши ҳамда айрим ҳарфларимиз ижтимоий тармоқларда, ўзаро суҳбатларда ишлатилмаётгани ҳақида мақола берилганди.







