Муқаддам судланган "хонанда" ва унинг икки шериги ер олиб бераман деб 300 минг АҚШ доллар талаб қилди
Фирибгарлар Деҳқонобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришларини айтиб, эвазига пул талаб қилган.


Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Унда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатга чек қўйди.
Маълум қилинишича, хориждан автомашиналар олиб келиб, сотиш билан шуғулланувчи Тошкент шаҳрида яшовчи 1981 йилда туғилган шахс Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида жойлашган фермер хўжалик раҳбари билан келишган ҳолда, ўзганинг ишончига киради. Ушбу хўжаликнинг 16,5 гектар суғориладиган ерини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 600 минг АҚШ доллари талаб қилган. Улар бу ишга 1987 йилда туғилган шахсни ҳам жалб этган.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида фирибгарлар сўралган пулни олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1963 ва 1975 йилларда туғилган икки нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга «коврак» ўсимлиги етиштириши учун Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ўрмон хўжалиги ҳудудидан 1000 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам беришларини айтган. Эвазига эса 300 минг АҚШ доллари талаб қилгани маълум бўлди.

Маълумот учун: Коврак ер юзида 170 дан зиёд тури мавжуд. Ўрта Осиёда 110 дан ортиқ, юртимизда эса 50 тури учрайди. Коврак елими табобатда баъзи асаб касалликларида талвасага қарши восита тариқасида, шунингдек, гижжа ҳайдайдиган дори сифатида қадимдан ишлатиб келинган. Бронхиал астма, сариқ касаллиги, кўк йўтал, сил, захмда фойдаланилади.
Терговолди суриштирув давомида улар ушбу ноқонуний ишни ўзини гўёки Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси инспектори деб таништирган, 1988 йил Қарши шаҳрида туғилган, ҳозирда Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб, аслида, хонандалик билан шуғулланувчи, муқаддам судланган шахс билан 80 минг АҚШ доллари эвазига ҳал қилишга ўзаро келишиб олганликлари аниқланди. Тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида дастлабки 24 минг АҚШ долларини олган вақтида у ҳам ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ захирадаги ер майдонини сотмоқчи бўлган фирибгар ушлангани, Сурхондарёда 13 минг доллар эвазига иссиқхона қуриб беришни ваъда қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилгани, Бўстонлиқ туманида 5 гектар ерни 150 минг АҚШ долларга олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олингани ҳамда ДХХ томонидан ноқонуний ер сотиш ҳолатларининг олди олингани ҳақида хабар берилганди.







