Паркент туманида хонадонда шерлар боқилаётгани аниқланди (видео)
Хонадон эгасининг маълум қилишича, шерларнинг барча ҳужжати жойида. Бироқ...

Тошкент вилояти Паркент туманидаги хонадонда шерлар боқилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда “ekologuz” канали хабар берди.
Маълум қилинишича, “Меҳр ва оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда Паркент туман Экология бошқармаси вакиллари ушбу хонадонга борган.
Аниқланишича, бу ерда ҳақиқатдан ҳам иккита шер (эркак ва урғочиси) ва уларнинг боласи тор, қоронғи, ертўласимон жойда сақланмоқда. Боласининг бир кўзи эса парда билан қопланган бўлиб, ота-онасидан ажратиб олинган.

Хонадон эгасининг маълум қилишича, шерларнинг барча ҳужжати жойида. Уларни Андижон ҳайвонот боғидан сотиб олган ва айни пайтда Красногорскда хусусий ҳайвонот боғи очишга ҳаракат қилмоқда. Аммо маълумотларга кўра, ҳали боғга ер ажратилмаган. Шерлар 2 йилдан буён қоронғи жойда сақлаб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Zamon.uz сайтида уйида шер болаларини боқиб, катта бизнес қилаётган йигит ҳақида видеолавҳа берилганди.
Маълумот учун:
Ҳайвонлар ҳуқуқлари Европа ҳайвонларни ҳимоя қилиш конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра:
1. Ҳеч ким ҳайвонга кераксиз оғриқ, азоб ёки зарар етказишга ҳақли эмас.
2. Уй ҳайвонини қаровсиз ташлаб кетишга йўл қўйилмайди.
Ҳайвонлар саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ҳатто уйсиз ҳайвонлар кўпайиши муаммоли муҳитни яратса ҳам, конвенцияга биноан, уларни руҳий стрессга олиб келмасдан қўлга олиш керак. Фақат ветеринар ёки бошқа малакали одамлар зарурат туғилганда ҳайвонни бўғиб ўлдириши, чўктириши ёки бошқа шафқатсиз чоралар кўрмасдан эвтаназия (ўлдириш) қилиши мумкин.
Аввалроқ Жиззахда ит овлов бригадаси 7 та итни отиб ташлагани ҳамда мушукни калтаклаган боланинг онаси жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.







