Оғир жиноят содир этган "авторитет"га умрбод қамоқ жазоси тайинланди
Улар Чилонзор туманида жойлашган "Шовотландия" кафесида ёнғин содир бўлишига ва 5 кишининг умрига зомин бўлган.

Жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкентдаги "Шовотландия" кафесига ўт қўйганликда ва 5 кишининг ўлимига сабабчи бўлган фуқаро судланган 36 ва 26 ёшли икки кишига нисбатан умрбод қамоқ жазоси белгиланди.
Авввал турли жиноятлар билан судланган 36 ёшли шахс "авторитет" деган ном чиқарган. Муқаддам содир этган жиноятлари учун жазо ўтаётган вақтда 26 ёшли судланувчи билан танишиб қолган. 26 ёшли судланувчи қамоқда унга "босс" деб бўйсунган.
26 ёшли судланувчи қамоқдан чиққач, 36 ёшли раҳнамоси уни ўзи ишлаб келаётган Зангиота тумани "Эшонгузар" қўрғонидаги чойхонага ишга олган. Ёш йигитни тобе қилиб олгач, унга турли жиноий топшириқларини бажартириб келган.
"Шовотландия" кафеси эгаси мурожаат қилиб, бир шахс унинг қариндошидан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан 5 дона "Iphone 11 Pro" русумли телефонни олиб, муайян миқдордаги пулларни тўлагани ва қолган 4000 долларни бермай юрганини айтади. Жиноятчи ўз хизмати эвазига кафе эгасидан 1500 долларлик «Iphone» олиб беришини талаб қилади.
Кафе эгаси "авторитет"нинг таклифини рад этгач, улар орасида келишмовчилик юзага келади. "Авторитет" кўча оламида ўз обрўси тўкилганини, бунга муносиб тарзда жавоб қайтармаса келгусида уни ҳеч ким менсимай қўяди деб ҳисоблаб кўрсатмаларига сўзсиз итоат этадиган шеригига қалтис жиноят режасини юклайди. "Шовотландия" эгаси офисида тунаб қолган вақтда кафега ўт қўйишни буюради.
Судда келтирилган маълумотларга кўра "Шовотландия" кафесининг 644 миллион 799 минг 538 сўмлик биноси ҳамда ундаги 420,4 миллион сўмлик ошхона жиҳозлари тўлиқ ёнган. Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, бино ичида ухлаб ётган 60 ёшли икки нафар аёл, 23 ёшли икки нафар йигит, 22 ёшли қиз ис газидан заҳарланган. Танасининг 100 фоиз 3−4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, 21 декабрь куни суд ҳукми ўқилди.
Суд қарори билан ёнғинга сабабчи сифатида гумон қилинган 36 ёшли фуқаро Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (қасддан одам ўлдириш), 165-моддасининг 1-қисми (товламачилик), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Унга ЖКнинг 59-моддаси 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, 26 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а, в, д, ж, п” бандлари (Қасддан одам ўлдириш), 173-моддаси 2-қисмининг “б, в” бандларида (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ “16 февраль воқеалари"ни уюштирган хавфли шахс 23 йилдан сўнг ушлангани ҳамда Халқаро қидирувдаги жиноятчи Абу-Дабида қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.
Муножат Валиева







