Навоийлик гиёҳванд аёлга суд ҳукми ўқилди
Аёлга бир йилу олти ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Хатирчи тумани судининг очиқ сайёр суд мажлисида гиёҳвандлик воситаларини етиштирган ва истеъмол қилган аёлга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
1972 йилда туғилган Наргиза Қўчқорова “марихуана” гиёҳвандлик ўсимлигини яшаётган уйида етиштиргани ва ундан истеъмол қилиб келгани маълум бўлди.
2021 йил 26 август куни Хатирчи тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қора дори 2021 тадбири 2-босқичи” давомида бу ҳолат аниқланиб, 1 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги холислар иштирокида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини қасддан давом эттириб келган. 2021 йил август ойи ўрталарида 1 туп канопля гиёҳвандлик ўсимлигини ошхонасида сақлаб келган.
Туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан гиёҳвандлик моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Суд Н.Қўчқорованинг муқаддам судланмагани, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодекси 270-моддаси 1-қисми, 276-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди. Аёлга ЖКнинг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 1 (бир) йилу 6 (олти) ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Муножат Валиева







