Навоийда тарбиячилар "подъезд" ювди
Шаҳар мактабгача таълим бўлими бошлиғи Мавлуда Турсунова "старт" буйруғини ҳоким берганини билдирган.

Ижтимоий тармоқларда Зарафшон шаҳрида тарбиячилар кўп қаватли уйларнинг подъездларини ювишга жалб қилингани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Навоий вилояти Бандлик бош бошқармасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилган.
Аниқланишича, фуқаролар кўп қаватли уйларнинг зинапояларини тозалаш ишларига мажбурий жалб этилган. Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлими мудирига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) асосан маъмурий жарима қўлланган.
Таъкидланишича, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қонун бузилишларнинг олдини олиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълим бўлими бошлиғи ўзининг Telegram гуруҳда боғча раҳбарларига ҳоким шундай топшириқ берганини маълум қилган.
“Ҳурматли директорлар. Мени ҳозир ҳоким чақирди, подъезд масаласида қаттиқ гап эшитдим. Ҳозирдан назоратга олинг, эртага ҳар бир МТТ 20 тадан расм ташлаши шарт. Бугун 17-сонли МТТ бу масалада қаттиқ танқидга олинди. Ҳар куни ўзингиз бошчилигида ушбу масалани уюшқоқлик билан ташкил этинг. Эртага (ҳоким) 11-кичик тумандаги 20- ёки 9-сонли МТТга бориши мумкин. Раҳбарга биринчи савол подъездни ювдингизми, деб берилади. Барча МТТларга навбат билан борилди”, – дея таъкидлаган Мавлуда Турсунова ўз топшириғида.







