Шифокор беморининг онасини "тўшакка таклиф қилди"
Воқеа Навоий вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида содир бўлган.

Бу ҳақда Навоий вилояти ИИБ Ахборот хизмати Zamon.uz'га маълум қилди.
Аниқланишича, марказда Неврология бўлими мудири вазифасида ишлаган К.Р. тиббиёт ходимига нолойиқ хатти-ҳаракатларни содир этади.
У бўлимда даволанган иккинчи гуруҳ ногирони Г.И.нинг онаси Т.Л.ни фарзандининг даволангани ҳақидаги касаллик варақаси (кўчирма)ни бермай, уни бир ярим ой давомида сарсон қилади.
Шифокор аёлга у билан жинсий алоқа қилсагина фарзандининг касаллик варақасини беришини айтади.
Биргина қоғозни бериш учун хирсини қондиришни мақсад қилган шифокор ниятига етолмади. 2022 йилнинг 12 февраль куни Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Навоий шаҳар "Гулистон-2" МФЙ 2-уйнинг бешинчи қаватидаги рақамсиз хонадонга К.Р. ўзи билан Т.Л.ни олиб кирган вақтида қўлга олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 121-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







