Ўзбекистон — Покистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқди
Исломободда икки давлат иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Исломобод шаҳрида Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд билан учрашди.
Учрашув чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги кун тартибидаги масалалар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Покистон Ислом Республикасига бўлажак ташрифига тайёргарлик ва ушбу ташриф доирасида режалаштирилган тадбирлар, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш бўйича навбатдаги чоралар муҳокама қилинди.
Исломобод шаҳрида (Покистон) Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 га яқин вакиллари, шунингдек, асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этди.
Форум давомида икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари ва йирик компаниялари раҳбарлари томонидан тақдимотлар ўтказилиб, унда ҳамкорлик салоҳияти атрофлича очиб берилди ва келгусида ўрганиш учун истиқболли лойиҳалар таклиф этилди.
Ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари “G2B” ва “B2B” тарзида бўлиб ўтган музокаралар чоғида муҳокама қилинди.
Форум натижалари бўйича умумий қиймати 797 миллион долларлик савдо шартномалари ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича икки томонлама битимлар имзоланди.







