Мазкур аэропорт энг гавжум ҳаво дарвозаси бўлиши керак — Эркинжон Турдимов
Айни дамда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг "Самарқанд" халқаро аэропортининг очилиш маросимида нутқ сўзламоқда.

Вилоят ҳокими кириш сўзини бугунги кун Самарқанд тарихида муҳим воқеалардан бири бўлиб қолиши мумкинлиги билан бошлади:
Бугун – 2022 йилнинг 18 март санасида Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” китобининг очиқ ҳолдаги қиёфасида “Самарқанд” халқаро аэропорти фойдаланишга топширилмоқда.
Барчамизга яхши маълум, шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Наврўз умумхалқ байрами кенг нишонланмоқда. Ота-боболаримиз Наврўзни шарқона янги йил деб билган.
Янги йилни яхши янгиликлар, яхши хабарлар билан бошласак, бошланадиган йил хосиятли ва баракали давом этади.
Ушбу воқеа муносабати билан, аввало, барча самарқандликларни, юртимиз меҳмонларини вилоятимиз жамоатчилиги номидан самимий табриклайман.
Қадрли дўстлар!
Сизга яхши маълум, 1967 йилдан буён ишлаб келаётган “Самарқанд” халқаро аэропорти бугунги замон талабларига мутлақо жавоб бермай қолган эди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан 2019 йилнинг июль ойида дунёнинг йирик туристик марказларидан бири ҳисобланган Самарқанд шаҳрида сайёҳлар ҳамда тижорат учун барча қулайликларга эга бўлган янги лойиҳадаги аэропорт қурилиши бошланди.
Янги “Самарқанд” халқаро аэропортида қандай имкониятлар пайдо бўлади, деган савол пайдо бўлиши табиий.
Ушбу объект Ўзбекистондаги энг йирик аэропортларидан бирига айланади ҳамда ушбу “ҳаво дарвозаси”да 17 та янги мунтазам халқаро йўналишлар йўлга қўйилади.
Иккинчидан, Буюк Ипак йўли ҳудудида жойлашган мазкур аэропорт қуввати жиҳатидан Марказий Осиёда иккинчи рақамда қайд этилмоқда.
Шунингдек, “Самарқанд” халқаро аэропортини йирик транспорт хабига айлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Бунда маҳаллий йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 7 тадан 20 тагача, географияси 4 та йўналишдан 5 тага оширилади.
Халқаро йўналишлар бўйича парвозлар сони ҳафтасига 25 тагача, географияси 4 та йўналишдан 8 тагача кўпайтирилади.
“Очиқ осмон” режимини жорий этиш ҳисобига 8 та хорижий авиакомпанияни жалб қилиш ва 17 та янги мунтазам халқаро йўналишларни йўлга қўйиш назарда тутилади.
Шунингдек, туристлар оқимни кескин кўпайтириш мақсадида “Самарқанд” халқаро аэропортнинг маҳаллий темир йўл ва автобус қатновларига боғланган, илк бор хусусий бошқарувга берилган янги терминал ишга туширилмоқда.
Ушбу терминалга давлат томонидан ҳамкор сифатида “Uzbekistan aeroports” акциядорлик жамияти иштирок этаётган бўлса, хусусий ҳамкор ва компания бошқарувчиси бўлиб “Air Marakanda” масъулияти чекланган жамияти иштирок этмоқда.
Шунингдек, янги аэропорт фойдаланиш баробарида учиш-қўниш йўлаги барпо этилди, замонавий радиоалоқа ва ёритиш тизими қурилди, 4 та янги трап тайёрланди.
Ҳудудда 70 та самолёт, 700 та енгил автомобиллар учун махсус бекатлар қурилди.
Аэропортни янги қиёфага келитиришда туркиялик мутахассислар учун 83 миллион доллар маблағ ажратиб берилган.
Қадрли тадбир қатнашчилари!
Бир сўз билан айтганда, Шарқий Осиё билан Европани ҳаво йўллари орқали боғлашда географик жиҳатдан ниҳоятда қулай ҳудудда жойлашган мазкур аэропорт келажакда энг гавжум ҳаво дарвозаси бўлиб қолади, деган умиддамиз.







