Гематология, онкология ва иммунология марказларидаги бемор болаларга қараётганларга бепул овқат берилади
Президент оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича қарорни имзолади.

Унга кўра:
- Нукус шаҳрида «Болалар тиббиёт кластери»;
- янгидан ташкил этилаётган 46 та туманлараро перинатал марказларда чақалоқлар реанимацияси бўлими;
- 2022 йил 1 майдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, шунингдек, Тошкент шаҳри оилавий поликлиникаларида болалар бўлими;
- туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида амалдаги штат бирликлари доирасида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари ҳамда кеча-ю кундуз шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи педиатрия постлари;
- Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида болаларда ирсий-генетик, шу жумладан, орфан касалликларга барвақт ташхис қўйиш бўйича Референс лаборатория ва ҳудудларда унинг 17 та минтақавий лабораториялари ташкил этилади.
Шунингдек, Республика перинатал маркази, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар перинатал марказлари ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида 2022-2023 йилларда жами 29 та шошилинч перинатал ҳамда шошилинч педиатрик мобил навбатчи реанимацион бригадалар фаолиятини йўлга қўйилади.
Янги туғилган чақалоқларда эшитиш нуқсонларини эрта аниқлашга қаратилган аудиоскрининг тадбирларини Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва ҳудудлардаги барча туғруқ комплексларида татбиқ этилади.
2022 йил 1 майдан бошлаб Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган бемор болаларга қаровчи шахслар (ота-она ва бошқалар) учун бепул овқатланиш йўлга қўйилади.







