Ўзбекистонда 9 майни ортиқча сиёсийлаштирмасликка чақирилмоқда
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини ортиқча сиёсийлаштирмаслик ва миллий қадриятларга таянган ҳолда нишонлаш чақириғи билан чиқди

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати хабарига кўра, ҳар йили май ойи бошларида турли расмий ва норасмий доираларда 9 майни сиёсийлаштиришга бўлган ҳаракатлар кузатилади.
Таъкидланишича, биринчидан, ушбу кунда инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қонли иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонликларнинг руҳи хотирланади.
Иккинчидан, 9 май — урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг жасоратини, фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилган ўзбек халқининг бағрикенглигини англаш ва қадрлаш куни.
Учинчидан, бу кунда жаҳон урушидан олдин ва кейинги тарихда Ўзбекистон тинчлиги ва равнақи учун жонини фидо қилган барча аждодлар хотирланади. Ҳаёт бўлганларига эса ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади, қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
“Бир сўз билан айтганда, 9 май — фашизм устидан қозонилган ғалаба кунигина эмас, балки халқимиз уруш ва тинчликда кўрган катта фожиалардан хулоса чиқариш, бугунги тинчликнинг қадрига етиш куни сифатида жамиятимиз онгу шууридан жой олган қадриятдир” — дейилади хабарда.







