«Қуёшли» тепалигининг тупуриб даволайдиган «табиби»
Аслида у ким?

Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари ва туман ДСИ одамларни тупуриб даволайдиган табиб пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар юзасидан текширув ўтказди.
Текширув давомида «табиб» – Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган, табиблик борасида маълумотга эга бўлмаган фуқаро Б.Й. (чорвачилик билан шуғулланувчи шахс) эканлиги аниқланган.
Фуқаро Б.Й. тахминан 2 йилдан буён Бўстонлиқ тумани, Оқтош қишлоғидаги, аҳоли орасида «Қуёшли» деб номланган тепаликда одамларга эчки сути сотиш билан шуғулланиб келаётган бўлган.
«Табиб» 27 май куни “Доривор ўсимликлар ҳақида”ги китобдан Читтигул илдизини кукун шаклида томоққа сепилса, ларингит касаллигини даволаши ҳақида ўқиб қолади. Шундан сўнг тоғдан «Читтигул» илдизини териб келиб, кукун шаклида майдалайди ва қуёш тафтидан нафас олиш учун келган фуқароларга трубка орқали сепади (пуркайди). У ўз кўрсатмасида ҳар бир муолажаси учун 20 минг сўмдан пул олганлигинини айтиб ўтган.
Б.Й. муолажа ўтказишда фойдаланиб келган буюмлар ашё тариқасида олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







