Андижонда бир қатор ИИБ масъуллари ишдан бўшатилди
Республика ишчи гуруҳи томонидан вилоятда амалга оширилаётган ишлар тизимли таҳлил қилинди.

Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, республика ҳарбий прокурори Шуҳрат Узоқов бошчилигидаги идоралараро республика ишчи гуруҳи Андижон вилоятида бўлиб, олиб борилган ишлар улар томонидан манзилли таҳлил қилинди.
Унга кўра, Андижон вилояти ҳокимлиги мажлислар залида вилоят ҳамда туман-шаҳар сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилотларнинг бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар иштирокида танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Унда жорий йил бошидан шу кунга қадар жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган 50 мингта мурожаатнинг атиги 24 фоизи ижобий ҳал этилгани танқид қилинди. Шунингдек, 72 фоизига эса мутасаддилар томонидан тўғри тушунтириш берилиш билан чеклангани қайд этилди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг ўрганиш натижаларига кўра, фуқароларнинг муаммоларига етарли эътибор қаратмаган, уларни ҳал этишга суст муносабатда бўлган бир қатор туман-шаҳарларнинг сектор раҳбарлари қатъий огоҳлантирилди.
Ўз фаолиятида камчиликка йўл қўйган бир қатор шаҳар-туман ИИБ бошлиқларига огоҳлантиришлар берилиб, Андижон, Олтинкўл ҳамда Булоқбоши туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари лавозимидан озод этилди. Бир қатор камчиликларга йўл қўйган ИИО ходимларига ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилди.
Аниқланган камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, уларнинг масъулияти оширилди.







