Андижон шаҳар ҳокимининг ҳамтовоғи — вилоят ХТБ бошлиғи ҳам қўлга олинди
Улар 48 миллиард сўм бюджет маблағларини талон-тарож қилганликда гумонланмоқда.

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов 7 июнь куни 48 млрд сўм бюджет маблағлари талон-тарож қилиниши ҳолати бўйича гумондорлардан бири сифатида қўлга олинди.
ХТБ ахборот хизмати бу хабарни Kun.uz'га тасдиқлаб, тергов кетаётганини маълум қилди.
Миркомилов ҳозирги лавозимида 2020 йил февралидан буён ишлаб келаётганди.
Мазкур жиноят иши бўйича 7 июнда Андижон шаҳар ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров ҳам қўлга олинган эди. Ҳоким эски лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи) ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Май ойи ҳолатига, Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган; етказилган зарарнинг 23 фоизи қопланган. Терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бормоқда.







