Cамарқандда нималар бўляпти?
Вилоятда кетма-кет мудҳиш жиноятлар содир этилмоқда.

Шу кунларда Самарқандда содир бўлаётган турли воқеалар одамлар эътиборини тортмоқда.
Жорий йилнинг 25 июнь куни соат тахминан 23:00 ларда Иштихонда бир эркак куёви билан қўшни аёлни арқон билан бўғиб, калтаклади.
Бунга нима сабаб бўлган?
Аёл ўша куни кечки пайт боққа сув қуйиш учун чиққанини ва орқасидан келаётган оёқ овозларини эшитганини айтган.
“Орқамга қараб, қўшним турганини кўрдим ва қўлимдаги кетмонни ташлаб қочмоқчи бўлдим. Шу пайт бўйнимга арқон келиб тушди. Куёви эса бошимга темирга ўхшаш буюм билан урди”, – деди жабрланган аёл.
Қўшни аёл икки оила ўртасида бир неча йиллардан буён келишмовчилик бўлаётганини маълум қилган. Шунингдек, эркак ўтган йили аёл онасининг бошини ҳам уриб ёрган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Иштихон туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқаро туман тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Ҳолат туман сектор раҳбарлари назоратига олинган.
Яна бир ҳолат эса ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган.
Унга кўра, институтга ўқишга киритишни ваъда қилиб, 5 минг АҚШ доллари олган бўлим бошлиғи ушланди.
Маълум бўлишича, фуқаро жияни С.ни ўқишга кириши учун ҳужжат топшириш тартибини ўрганаётган вақтида Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Сиртқи бўлим бошлиғи билан танишиб қолади. У Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза билан мурожаат қилиб, ушбу шахс унинг ишончига кириб, жиянини дизайн факультетига ўқишга жойлаштириб қўйишини айтиб, эвазига 5.000 доллар талаб қилганлигини айтган.
Жорий йилнинг 1 июль куни мазкур аризага асосан, Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Х.В. ариза муаллифидан талаб қилган 5.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда қизини 100 млн сўмга сотмоқчи бўлган аёл қамалгани хабар қилинганди.







