Арзонлаштирилган “тонировка”, Нукусдаги митинглар ва қудратли армия тузмоқчи бўлган Эрдоған
Zamon.uz ҳафта давомида рўй берган энг сара хабарлар дайжестини эътиборингизга ҳавола этади.

Якунланаётган ҳафта Ўзбекистонда ҳайдовчилар узоқ кутган янгилик билан бошланди. 28 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев видеоселектрор йиғилиши ўтказиб, унда “тонировка” масаласига тўхталди ва бу бўйича қарор қабул қилинганини маълум қилди.
Унга кўра, 1 июлдан бошлаб:
—автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинади, яъни бепул бўлади;
—олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади;
—ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади.
Шунингдек, 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, олд ён ойналари тусини қорайтиришга рухсатнома берганлик учун БҲМнинг 8 баравари (2 млн 400 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Ушбу давлат хизмати ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz) орқали кўрсатилганда тўлов миқдори 2 млн 160 минг сўмни ташкил этади.
1 июль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бир гуруҳ шахслар томонидан оммавий намойиш уюштирилди.
ИИВ вазирлиги хабарига кўра, улар республикада амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган.
Қорақалпоғистон Олий ҳокимиятининг маълум қилишича, намойишчилар популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғган.
Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уринган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилган.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 июл куни Нукус шаҳрига бориб, Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида давлат раҳбари Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Президент қорақалпоқ халқига мурожаат қилиб, янгиланаётган Конституцияни такомилига етказиш учун қанча вақт ва муддат керак бўлса, бу жараён шунча давом этишини, бу борада фақат халқ билан бамаслаҳат иш олиб борилишини айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Президент фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2022 йил 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар бўлган даврда фавқулодда ҳолат жорий этилди.
3 июль куни Шавкат Мирзиёев иккинчи бор Нукусга жўнаб кетди. У ерда видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, барча туманлар билан мулоқот қилинди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди. Таъкидланишича, давлат раҳбарининг 2 июль кунги мурожаатидан кейин вазият барқарорлашган, ҳаёт ўз маромига қайтмоқда.
Нукусда норозилик намойиши ўтказилаётган вақтда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған дунёдаги энг кучли армия яратишини маълум қилди.
“Биз армияни дунёдаги энг кучлисига айлантирмагунча мустаҳкамлашда давом этамиз. Айниқса, қуролли кучларнинг тийиб туриш салоҳиятини оширишга алоҳида аҳамият берамиз”, – деган у.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, айрим соҳаларда кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган бўлса-да, армия муваффақиятларга эришишда давом этяпти. Бу айниқса, терроризмга қарши курашда намоён бўлмоқда.
Шунингдек, дунё саҳнидаги яна бир муҳим воқеа: Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Калининград вилоятига товарлар транзитига қаршилик қилмасликка чақирди. Канцлернинг фикрича, Болтиқ денгизи минтақасидаги кескинликни камайтириш зарур.
“Биз Россиянинг иккита қисмидаги ҳаракат билан иш олиб боришимиз зарурлигини инобатга олиш зарур”, – деган у НАТОнинг Мадрид саммитидаги чиқишида.
Сиёсатчи Калининград масаласида Москвага қарши санкцияларни истисно қилиниши зарурлигини айтган.
Маълумот ўрнида: 18 июндан бошлаб Литва ўз ҳудуди орқали Калининград вилоятига қатор товарлар транзитини тақиқлаб қўйди. Бу маҳсулотлар Европа Иттифоқи санкциялари остига тушган.








