“Уқалаш муолажаси” эътироз ва нафратимизни уйғотди — Мусаев
Соғлиқни сақлаш вазири тармоқни “портлатган” видеога муносабат билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ижтимоий тармоқларда болани столга ётқизиб, турли оғир ҳаракатлар билан унинг қўл-оёғини, қорнини эзаётгани, баданини кўтариб, столга ураётгани акс этган видеога муносабат билдирди.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган “уқалаш муолажаси” билан боғлиқ видеолавҳа барчамизда эътироз ва нафрат уйғотди. Чунки ушбу хатти-ҳаракатлар нафақат тиббиёт, балки инсонийлик туйғуларига ҳам ётдир.
Вазирликнинг бу каби ҳолатларга нисбатан позицияси аниқ ва қатъий: биз инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган, қадр-қиммати ва шаънини топтовчи ҳар қандай хатти-ҳаракатга муросасиз муносабатдамиз”, ؙ— деган вазир.
Мусаевнинг сўзларига кўра, вазирлик мазкур масала юзасидан ўрганиш натижа ва хулосаларини, жумладан, уқалаш муолажасини бажарган шахснинг тегишли ҳужжат ва рухсатномаларга эга бўлмай фаолият юритганига доир маълумотларни ҳуқуқ-тартибот идораларига тақдим этади.







