Самарқандда пенсияга чиқаришда иш стажи қўшиб берган шахс ушланди
Мансабдор бунинг эвазига фуқародан 300 доллар талаб қилган.

Самарқанд вилоятида фуқаро нафақага чиқиши учун Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлимига бориб, ишлаган вақтини ҳисоблатганида, 1 йил 6 ой иш стажи етмаганини, сўнг, шу ерда ўзини Пенсия жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари деб таништирган К.Ш. билан танишиб қолганини айтади. Бу жорий йилнинг 18 июль куни фуқаро топширган аризасида баён қилинди.
Айтилишича, К.Ш. уларнинг ишончига кириб, етмаган иш стажини сохталаштириш орқали тўғрилаш ва нафақа расмийлаштириб беришни ваъда қилиш орқали 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилади.
Мазкур аризага асосан, шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва шаҳар прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар бўлими биносида ўтказилган тезкор тадбир давомида, К.Ш. ўз хизмат хонасида ариза муаллифидан 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.







