Фарғонада “ДХХ ходими” 15 млн пора билан ушланди
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Марғилон шаҳридаги мактаблардан бирининг директор ўринбосари Т.И (исми шарифи ўзгартирилган) товламачилик йўли билан вилоятдаги туманлардан бирининг халқ таълими бўлими мудири У.Р.дан пул олаётганда қўлга олинган.
Маълум бўлишича, Т.И. ўзини туман халқ таълими бўлими мудири У.Р.га "ДХХ вилоят бошқармаси масъул ходими" сифатида таништириб, унинг устидан ариза тушганлигини маълум қилган. Бўлим мудири ҳар ойда мактаб директорларидан пул талаб қилиб келаётганлигини, яқинда юқори лавозимга қўйилган аёлдан катта миқдорда пора олганлигини исботловчи аудио ва видео ёзувлар борлигини айтиб, уни жавобгарликдан қутқариб қолиш эвазига 15 миллион сўм талаб қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар томонидан ўтказилган тадбирда Т.И. кўрсатиб ўтилган миқдордаги пулни олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Т.И.га нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.







