Китобларни отиб тарқатган мактаб ўқитувчиси ва директори ишдан олинди
Бу Нуробод туман халқ таълими бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўрганишларида маълум бўлди.

Нуробод туман ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳолатни туман халқ таълими бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳ ўрганди.
Ўрганишлар давомида тумандаги 1-сон умумий ўрта таълим мактабининг 4-"д" синф раҳбари Шоҳида Ғоффорова синф ўқувчиларига мактаб дарсликлари ва машқ дафтарларини қўпол тарзда, ўқитувчи этикаси ва одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, синфдан ташқари ҳолатда тарқатганлиги маълум бўлди.
Ўқитувчига хос бўлмаган ҳислатда хатти-ҳаракат қилганлиги сабабли умумий ўрта таълим мактабининг 4-"д" синф раҳбари Ш.Ғоффорова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари тарқатилиш жараёнини назоратга олмагани ҳамда масъулияцизликка йўл қўйганлиги сабабли мактаб директори Э.Ҳамраев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.







