Туркия Россия донини эҳтиёжманд давлатларга ун қилиб етказиб бермоқчи
Россия дони учинчи давлатларга жўнатилишидан олдин ун, макарон ва булғор қилиб қайта ишланади. Бунинг учун Туркияда бўш саноат қувватлари етарлича.

Бу ҳақда Туркия Қишлоқ хўжалиги вазири Вахит Киришжи маълум қилди.
«Масалан, бизда дон маҳсулотларидан ун, макарон ва булғор ишлаб чиқариш учун имконият мавжуд. Туркия бўш турган саноат қувватларидан фойдаланиш ниятида. Россиядан олиб келинган бепул буғдой заводларимизда қайта ишлагандан сўнг, эҳтиёжманд давлатларга жўнатилади. Мақсадимиз уларга буғдойни булғор, ун сифатида текинга етказиб бериш», — деди вазир.
Ўз навбатида, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли томонларда норозиликлар бўлмаса, мавжуд дон келишувини узайтириш учун ҳеч қандай алоҳида ҳужжат имзолашга зарурат йўқлигини таъкидлади.
«Истанбул меморандумининг амал қилиш муддати – тўрт ой. Агар томонларнинг эътирозлари бўлмаса, амал қилиш муддати узайтирилади. Янги шартнома тузишга ҳожат йўқ. Россия ўғитларини экспорт қилиш масаласи эришилган келишувнинг бир қисмидир. Россия томони бу борадаги айрим талаблари бажарилмаганидан хавотирда. Ҳозирда ушбу хавотирларни бартараф этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — дейди Чавушўғли.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозир шартноманинг Россияга алоқадор қисми бўйича фаол музокаралар жараёни бошланган. Хусусан, БМТ Бош котиби Россия дон ва ўғитларини экспорт қилиш йўлидаги қолган тўсиқларни бартараф этиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Россия дон маҳсулотларини камбағал давлатларга бепул етказиб бериш тўғрисида келишувга эришганди.
Дон маҳсулотлари бўйича дастлабки келишув эса 22 июль куни Истанбулда Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакиллари иштирокида эришилган эди. Унга кўра Украина ва Россия омоборларида сақланаётган ва ҳарбий ҳаракатлар туфайли Қора денгиз орқали олиб чиқишнинг имкони бўлмаган дон маҳсулотларини биринчи навбатда Африканинг эҳтиёжманд давлатларига етказиб бериш ҳақида келишиб олинган эди. Ушбу шартнома дон маҳсулотларини Қора денгизнинг учта портдан, жумладан Одессадан олиб чиқишни назарда тутади.
Яхши ниятда амалга оширилган ушбу битимдан Украина махсус хизматлари ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланишдан тоймади. Хусусан Қрим кўпригида теракт уюштиришда фойдаланилган портловчи мослама Одесса портидан дон солинган кемаларда олиб чиқилгани ва Болгария ҳамда Арманистон орқали Россияга олиб кирилгани аниқланган.
Шунингдек, 29 октябрь куни Киев режими Севастополда рус кемаларига теракт уюштирганидан сўнг, Россия дон битимидаги иштирокини тўхтатди, бироқ Туркия билан музокаралар олиб боргач ва Украинадан ёзма кафолатлар олгач, келишувга қайтди.
Ундан ташқари, Путин агар Киев ўз мажбуриятларини қайта бузса, Россия шартномадан чиқишини таъкидлади. Aммо бу ҳолатда ҳам у Aфриканинг энг қашшоқ мамлакатларига Украинадан жўнатилган доннинг бутун ҳажмини етказиб беришга тайёрлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.







