Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди
UNHCR уларнинг уруш давом этаётган мамлакатга қайтарилиши ортидан таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилинишидан хавотир билдирмоқда.

Малайзия БМТнинг Мянмага қайтарилаётган қочқинлар хавфсизлиги бўйича огоҳлантиришларига қарамай, уларни мамлакатга депортация қилишни давом эттирмоқда.
1 479 нафар Мянма фуқароси Малайзиядан икки ҳарбий-денгиз кемаси ва бир госпиталь кемасида олиб чиқилиб, якшанба куни Мянманинг жанубидаги Янгон шаҳрига етиб келган. Бу ҳақда минтақавий ҳукумат вазири Най Лин Тун маълум қилди.
Ушбу гуруҳ Малайзиядан босқичма-босқич қайтарилиши режалаштирилган 5 минг нафар Мянма фуқаросининг бир қисми. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, яна 10,3 мингдан ортиқ мянмалик иммиграция ҳибсхоналарида сақланмоқда.
Малайзия барча қайтарилганлар ватанга ихтиёрий равишда қайтишга рози бўлганини таъкидламоқда. Бироқ инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қочқинларнинг танлови чекланган бўлиши мумкинлигини билдирган. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (UNHCR) эса ўз ходимларига қайтарилаётган мянмаликлар билан учрашишга рухсат берилмаганини маълум қилган. Шу сабабли уларнинг қарори ҳақиқатан ҳам эркин ва онгли равишда қабул қилинганини текширишнинг имкони бўлмаган.
Малайзиядаги Мянма қочқинлари ва бошпана изловчиларнинг катта қисмини роҳинжалар ташкил этади. Қайтарилганлар орасида қанча роҳинжа борлиги ҳозирча номаълум.
Депортация Малайзияда қочқинлар яшайдиган ҳудудларда иммиграция рейдлари кучайган бир пайтда амалга оширилди. Маълумотларга кўра, 2026 йилда бундай рейдлар давомида 50 мингдан ортиқ қочқин ҳибсга олинган.
Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим қочқинларни қайтариш режаси ҳақида июль ойида маълум қилган. Куала-Лумпур айни пайтда 3,5 мингдан ортиқ қочқин ва мигрантдан иборат иккинчи гуруҳни ҳам қайтаришга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳукумат уларнинг мамлакатга молиявий, ижтимоий ва хавфсизлик билан боғлиқ юк келтираётганини билдирмоқда.
Малайзия БМТнинг Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциясига аъзо эмас ва қочқинларни ҳужжатсиз мигрантлар сифатида кўради. Шу билан бирга, мамлакатда UNHCR рўйхатида қарийб 215,6 минг нафар қочқин ва бошпана изловчи бор. Уларнинг 126 мингдан ортиғи асосан мусулмон роҳинжалардир.
Мянма ҳукумати қайтарилаётган фуқароларнинг ватанга «хавфсиз ва муносиб» шароитда қайтишини таъминлашга ваъда берган. Бироқ Fortify Rights инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Яп Лай Шенгнинг айтишича, қайтарилганларга Мянма режими қандай муносабатда бўлишини олдиндан айтиш қийин.
UNHCR ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қайтарилганлар Мянмада таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилиниши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Мянмада 2021 йилда ҳарбийлар сайланган ҳукуматни ағдариб, ҳокимиятни эгаллаганидан бери фуқаролар уруши давом этмоқда. ACLED лойиҳаси маълумотларига кўра, ҳарбий тўнтаришдан буён мамлакатдаги уруш оқибатида 100 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Мянма ҳарбий тўнтариши раҳбари Мин Аунг Ҳлаинг апрель ойида фуқаролик президенти лавозимига тайинланган. У яқин орада Малайзияга ташриф буюриб, қочқинларни қайтариш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.








