Самарқандда аёл ўзи билан уч боласини каналга ташлади
Ҳодиса оқибатида икки нафар фарзанди вафот этган.

Самарқанд вилояти Самарқанд тумани аёл ўзи ва уч фарзандини каналга ташлади, оқибатда икки нафар фарзанди ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, воқеа 3 ноябрь куни содир бўлган. Унга кўра, туманнинг “Жарқишлоқ” маҳалласида яшовчи 26 ёшли аёл қайнонаси билан ўрталарида оилавий келишмовчилик келиб чиққан. Юзага келган жанжал оқибатида аёл қайнонасига “аччиқ қилиб”, ўзини ва уч нафар фарзандини туманнинг “Янгиариқ” маҳалласидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборган.
Маълум қилинишича, улар туманнинг Янгиариқ маҳалласида жойлашган “Оқ-амур” номли ошхонада ишловчи фуқаролар томонидан сувдан чиқариб олинган.
Бироқ, аёлнинг икки нафар фарзанди вафот этган. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб даволаниш учун шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд туман прокуратураси томонидан терговга-қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.







