Андижондаги ЙТҲда салкам 45 нафар фуқаро жароҳатланди
Уларнинг 3 нафари ҳалок бўлган.

Маълум бўлишича, бугун, 26 ноябрь куни эрталаб соат 8:10 ларда А-373 Тошкент—Ўш—Андижон автомагистралининг 389-390- километрлари оралиғида Isuzu автобуси ва Fura юк машинаси тўқнашиб кетган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, тўқнашув оқибатида жами 41 нафар фуқаро жароҳат олган, шулардан 3 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган.
38 нафар йўловчи турли даражадаги жароҳатлар билан Бўстон туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига олиб келинган. Уларнинг ҳолати зудлик билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган.
Беморлардан 3 нафарида ушбу ихтисослашган бригадалар томонидан жарроҳлик амалиёти бажарилган. Барча жабрланганлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, жароҳат оғирлигига кўра, Бўстондан Шаҳрихондаги қўшма шикастланишлар марказига 17 нафари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига 10 нафари етказилди.
Айни пайтда уларга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Д.Тўлаганов бошчилигида воқеа жойига тезкор етиб борган бригадалар томонидан тегишли даволаш стандартлари асосида чуқурлаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани маълум қилинган.
Ҳозирда Бўстон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимида 11 нафар бемор даволанаётган бўлиб, улардан 3 нафарида жарроҳлик операциялари ўтказилган.







