Тўхтатинг автобусни, тушиб қоламан!

Давлат раҳбари йиғилишларда доим аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида масъулларга топшириқлар беради. Аммо унинг ижроси эса кўпинча қоғозларда қолиб кетаётгандек.

Тўхтатинг автобусни, тушиб қоламан!

 

Очиғи, пойтахтга энди келган кезларим, негадир, автобусда юришга уялардим. Аммо ҳозир жамоат транспортларисиз кундалик ҳаёт тарзимни тасаввур этолмайман. Арзон, қулай ва шаҳарнинг исталган нуқтасигача борсангиз ҳам нарх ўзгармайди. Бироқ эрталаб (одатда, 7 ва 9 оралиғи) ва кечга яқин (16 ва 19 лар атрофи) аҳоли ишга кетиш ҳамда қайтиш маҳали жамоат транспортида юриш анча мушкул. Айниқса, аёл кишига кўпроқ ноқулайликлар туғдиради. Кекса, имконияти чекланган, ҳомиладор ва ёш болали аёлларнику, айтмаса ҳам бўлади. Шу автобусдаги тиқилинчлардан зода бўлганим сабаб ишдан вақтли келадиган одат чиқардим, яъни соат кечки 4 да ишхонадан чиқаман. Лекин ўша пайт ҳам автобусларга қадам босиб бўлмайди. Аранг ёпиладиган эшиклар гоҳида йўловчиларни оёқлари ва сумкаларини сиқиб қолади. “Ичкарига сурилинг, ўртада жой кўпку”, дея зардали оҳангда буйруқ берадиган кондукторлар ичкаридаги тиқилинчни ҳис қилмайди чоғи, ҳар куни бир хил гапни такрорлаб чарчамайди.

 

Яқинда бир ҳомиладор аёл кейинги бекатгача аранг етиб олди. Автобусда азбаройи йўловчи кўплигидан у аёлга жой беришнинг имкони йўқ эди. Қийналиб кетганидан ҳайдовчидан автобусни тўхтатиб, тушиб қолишини айтди... Бу каби ҳолатлар жуда-жуда кўп учрайди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 18-автобус саройида бўлди.

 

Президент матбуот хизмати маълум қилганидек, жамоат транспорти тизими ривожлангани шаҳар ҳаётининг энг муҳим жиҳатларидан бири. Лекин Тошкент шаҳрида бу соҳа ҳозирги ўзгаришлардан орқада қолмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда кўплаб тураржойлар қурилди, аҳоли сони ошди, шаҳар ҳудуди ҳам кенгайди. Пойтахтда кунига 1 миллион 300 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланмоқда.

 

Бу талабга жавоб бериш учун “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида автобуслар етишмаяпти. Борларининг ҳам кўпи эскирган. Шу сабабли йўналишларга режага нисбатан 90-100 та автобус кам чиқмоқда. Кўчаларда жамоат транспорти устуворлиги йўлга қўйилмаган. Буларнинг оқибатида йўловчилар автобусларни 20-30 дақиқагача кутишига тўғри келмоқда.

 

Давлат раҳбари бу ҳолатни кескин танқид қилиб, айниқса, ҳозиргидек совуқ кунларда бунга умуман йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Шу боис кучайтирилган тартибда ишлаб, энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш бўйича топшириқ берди.

 

Шундан сўнг, куни кеча вазирлар ва мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам автобусларда “кўриниш бера бошлади”. Аввал Транспорт вазири ҳамроҳлигида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов автобуслардаги шароитлар билан танишган бўлса, Миллий гвардия қўмондони ҳам “автобусда шаҳар кезди”. Раҳбарларнинг аҳоли ичида бўлгани, улар билан ҳамсуҳбат, фикрлари билан қизиққани яхши албатта. Айниқса, раҳбарларнинг огоҳлантирувисиз ташрифи жойлардаги муаммони аслича кўрсатади.

 

Қувонарлиси, Давлат раҳбарининг танқидидан сўнг Тошкентда автобусларнинг ҳаракатланиш оралиқ вақти 25-30 дақиқадан 10-12 дақиқага қисқармоқда.

 

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида Тошкент шаҳри учун қўшимча мингта замонавий автобус сотиб олиниши, шунингдек, 7 та ерусти метро бекати ишга туширилишини алоҳида таъкидлади. Буларнинг ҳисобига, ҳар куни 500 мингдан зиёд пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратилади.

 

“Ҳудудларда ҳам йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида яна мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилади. Бу орқали, жамоат транспорти бўйича аҳвол оғир бўлган 300 та маҳалладаги 1 миллион аҳолининг узоғи яқин бўлади”, — деди Президент.

 

Давлат раҳбари йиғилишларда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида масъулларга топшириқлар беради. Аммо унинг ижроси эса кўпинча қоғозларда қолиб кетаётгандек. Ўйлаймизки, айнан, мана шу — жамоат транспорти соҳасидаги топшириқлар ўз вақтида амалга ошади. Чунки ишчилар автобусга сиғмай қолиб, ишидан айрилишни ёки бошлиғидан танбеҳ эшитаверишни, кечга яқин эса (айниқса оналар) болалари боғчада қолиб кетиб, минг ўй билан бекатга чопишни истамайди.

 

custom img

Москва вилоятидаги кимё заводида портлашлар: етти киши ҳалок бўлгани айтилмоқда

Портлаш оқибатида вайрон бўлган бинода 44 киши бўлган.

custom img

Ўзбекистон Сурияни йирик ҳисобда мағлуб этди

Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги учрашувини  Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

custom img

Дунёда шакар тақчиллиги хавфи кучаймоқда: нархлар 25 фоиздан кўпроққа ошди

Эл-Нино шакар бозорига энг кучли таъсир кўрсатувчи табиий ҳодисалардан бири ҳисобланади.

custom img

Кўмир қачон ва қаердан сотилади? «Ўзбеккўмир» расмий маълумот берди

Айни пайтда ҳудудларга кўмирни тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

custom img

Қуёш фаоллиги кучаймоқда: Ерда магнит бўрони кузатилиши мумкин

Британия геология хизмати 2 октябрь куни G1 даражасидаги кучсиз магнит бўрони кузатилиши мумкинлигини маълум қилди.

custom img

АҚШ Ироқдаги 12 йиллик операцияни тугатди: коалиция кучлари Эрбилдан олиб чиқилди

Хавфсизликни таъминлаш бўйича асосий масъулият эса Ироқ томонига ўтди.

custom img

Саида Мирзиёева устоз ва мураббийларни байрам билан табриклади

У ўқитувчиларнинг ёш авлод тарбиясидаги саъй -ҳаракатларини эътироф этди.

custom img

Учувчи пичоқланган Flydubai рейси: Исроил хавфсизлик текширувларини кучайтиради

Бенямин Нетаняҳу ҳодисани тўхтатишда ёрдам берган йўловчилар ва жароҳатланган учувчи Смит Маччҳарни олқишлаган, бироқ воқеанинг сабаби ҳозирча аниқланмаган.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"