Трампнинг Хитойга сафари: Ким Чен Ин билан учрашув ўтказилиши мумкин
Трамп 2017–2021 йиллардаги президентлик муддати давомида Ким Чен Ин билан бир неча бор учрашган.

АҚШ президенти Дональд Трамп шу ҳафта Шарқий Осиёга сафари давомида Хитойда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашиши мумкинлигини маълум қилди.
Трамп бу ҳақда Оқ уйда сафарга жўнаб кетишидан олдин журналистларга айтган. Унинг сўзларига кўра, Хитой раиси Си Жинпинг ва Россия президенти Владимир Путин билан учрашувлардан ташқари, Ким Чен Ин билан ҳам мулоқот ўтказилиши эҳтимоли бор.
АҚШ президенти Шимолий Корея етакчиси билан эҳтимолий учрашув Хитойда бўлиб ўтишини таъкидлади.
Маълумот учун, Трамп 2017–2021 йиллардаги президентлик муддати давомида Ким Чен Ин билан бир неча бор учрашган. Уларнинг учрашувларидан бири Корея яриморолининг демилитаризация қилинган ҳудудида ўтказилган.
Трамп жорий президентлик муддати давомида ҳам Ким Чен Ин билан яна учрашиш истагини билдирган. Бироқ АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари аввалроқ бундай учрашув бўйича яқин орада аниқ режалар йўқлигини маълум қилган эди.








