Оҳангаронда учта юк машинаси ағдарилиб кетди
Ҳодисага қуюқ туман сабаб бўлгани айтилмоқда.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманида учта юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, воқеа 22 декабр куни соат тахминан 12:30 ларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган А-373 автомобил йўлининг 161-километрида содир бўлган.
Унга кўра, “Уак” аҳоли яшаш жойида светофорнинг қизил ишорасида MAN ва Isuzu транспорт воситаси тўхтаб турган вақтда уларнинг ортидан Howo юк машинаси келиб урилган. Мазкур ҳодиса оқибатида юк машиналари ағдарилиб кетган.
Қайд этилишича, ЙТҲга Howo русумли машинанинг ҳайдовчиси қуюқ туман туфайли олдинда турган машиналарни кўрмай қолгани сабаб бўлган. Ҳодиса оқибатида Isuzu'нинг 44 ёшли ҳайдовчиси жан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Оҳангарон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







