“Барчаси Россиянинг баҳорги ҳужуми натижасига боғлиқ”
Украина можароси иккинчи календарь йилига ўтиш арафасида. Уруш келаётган йилда тугаши мумкинми ва агар шундай бўлса, қай тариқа якунланади — жанг майдонидами ёки музокаралар столида? Ёки низо 2024 йилгача чўзиладими?

Украинадаги низо иккинчи календарь йилига ўтиш арафасида. BBC шу муносабат билан етакчи таҳлилчиларнинг 2023 йилдаги эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар бўйича фикрлари билан қизиқди.
Уруш келаётган йилда тугаши мумкинми ва агар шундай бўлса, қай тариқа якунланади — жанг майдонидами ёки музокаралар столида? Ёки низо 2024 йилгача чўзиладими?
“Россиянинг баҳорги ҳужуми ҳал қилувчи бўлади”
Майкл Кларк, Стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари, Буюк Британия:
Буюк Евроосиё даштларининг исталган нуқтасига бостириб кирганлар якунда ушбу текислиларда қишлашга мажбур бўлади.
Наполеон, Гитлер ва Сталин ўз армияси билан даштлардаги қиш мавсумида маневр қилишга мажбур бўлган. Путин ҳам босқин яхши кечмаётган бир пайтда ўз қўшинларини текисликда қишлашга ва янги Россия ҳужумини кутишга мажбур қилмоқда.
Ҳар икки томонга ҳам танаффус зарур, аммо украиналиклар яхшироқ таъминланган ва ҳужумни бошлаш учун уларда мотивация кўпроқ, улар Россияни энг камида Донбассдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилади.
Кремменой ва Сватово атрофида улар катта ҳужум арафасида турибди. Бу орқали русларни 60 километр ортга, 2022 йил февралида РФ ҳужуми бошланган нуқтага суриб ташлаш мумкин.
Киев эришилган муваффақият олдида тўхтаб қолишни истамайди, айниқса, бу ерда ғалаба яқин бўлиб турган бир пайтда. Шу билан бирга Херсон озод қилингандан кейин жанубий-ғарбдаги амалиётлар секинлашиши мумкин.
Россиянинг Қримдаги нозик автобомиль ва темирйўл тизимларига зарба бериш мақсадида Днепрни кечиб ўтиш мураккаб вазифа саналади. Аммо украин қуролли кучларининг янги ҳужумларини истисно этиб бўлмайди.
2023 йилда Россиянинг баҳорги ҳужуми натижаси ҳал қилувчи омил бўлади. Путин яқинда сафарбар қилинган 50 минг киши фронтда эканини тан олди; қолган 250 минг аскар 2023 йилги ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун тайёргарлик кўрмоқда.
Ушбу янги рус қўшинларининг жанг майдонидаги тақдири ҳал бўлмагунча урушни давом эттиришдан бошқа сценарий мавжуд эмас. Бошқа бир йўл — қисқа ва беқарор ўт очиш режимини жорий этиш. Путин тўхтамаслигини аниқ айтди. Украина эса ўз мамлакати учун курашдан тўхтамаслигини билдирди.
“Украина ўз ерларини қайтариб олади”
Андрей Пионтковский, вашингтонлик олим ва таҳлилчи:
Украина 2023 йил баҳоригача ғалаба қозониб, ҳудудий яхлитлигини тиклайди. Бу хулоса икки факторга асосланади.
Биринчидан, украиналикларнинг ҳарбий тарихда мисли кўрилмаган мотивацияси, қатъияти ва матонати.
Иккинчидан, Россия раҳбарини кўп йиллар давомида тинчлантириб келган Ғарбнинг ниҳоят кўзи очилди ва тарихий чақириқ масштабини англаб етди. Буни яқинда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг яхши изоҳлади.
“Биз тўлаётган товон пуллар билан ўлчанади. Украиналиклар эса қон билан тўламоқда. Агар авторитар режимлар куч ишлатиш натижа бераётганини кўрса, бундан-да оғирроқ товон тўлаймиз. Дунё ҳам янада хавфли бўлади”, – деганди у.
Шу билан бирга, Украина ғалабасининг вақти НАТОнинг ҳужумкор қуролларни етказиб беришига боғлиқ. Айнан шу қуроллар жанг майдонидаги вазиятни ўзгартиришга қодир.
Яқин ойлар ичида Мелитополь низонинг асосий нуқтаси бўлиши мумкин. Мелитополни озод қилиш орқали украиналиклар Азов денгизига осонлик билан яқинлашиши ва Қрим билан алоқа ҳамда таъминот чизиғини узиб қўйиши мумкин.
“Охири кўринмаяпти”
Барбара Занчетта, Лондон қироллик коллежи, урушни ўрганиш факультети:
Владимир Путин хорижий давлатларнинг жиддий ёрдам бермаслиги ва Украинанинг суст ҳаракатларига умид қилганди. Бу жиддий хато низонинг чўзилишига ва охири кўринмаслигига олиб келди.
Қиш оғир бўлади, чунки Россиянинг Украина инфратузилмасига ҳужуми шусиз ҳам чарчаган ва заифлашган аҳолининг маънавий руҳини синдиришга қаратилган. Аммо украиналиклар ҳайрон қоларли даражада матонатли бўлиб чиқди. Улар қатъий туради ва уруш давом этади.
Музокаралар истиқболини яхши деб бўлмайди. Потенциал тинчлик келишуви учун энг камида бир томоннинг асосий талаблари ўзгариши керак. Аммо ҳозирча бунинг амалга оширилиши белгилари кўринмаяпти.
Уруш қачон тугайди?
Урушнинг моддий ва бошқа оқибатлари Россия сиёсий элитасининг парчаланиши ва низонинг қўллаб-қувватланишини пасайтириши мумкин. Можаронинг якунланиши Москванинг қўлида.
Ҳукуматнинг хато хулосалари ҳал қилувчи омил бўлган ўтмишдаги урушлар (АҚШнинг Вьетнамдаги ёки СССРнинг Афғонистондаги уруши)да айнан шу тарзда тугаган. Ўзгарган ички сиёсий шароитлар энг мақбул вариант саналади.
Аммо ҳозирда бу фақатгина Ғарбнинг урушнинг ўсиб бораётган оқибатларига қарамай, Украинани қатъий қўллашда давом этишига боғлиқ. Афсуски, бу сиёсий иродани узоқ синайдиган иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий жанг бўлади. Ва 2023 йил охирига қадар низо катта эҳтимол билан тугамайди.
“Россиянинг мағлубиятидан ташқари бошқа якун йўқ”
Бен Ходжес, АҚШнинг Европадаги қуруқлик қўшинлари собиқ қўмондони:
Киевда ғалаба парадини ўтказишга ҳали эрта, аммо ҳозир устунлик Украина тарафда ва ишонаманки, улар бу урушда ғалаба қозонади. Бу, балки, 2023 йилда содир бўлар.
Қишда воқеалар ривожи секинлашади, аммо украин ҳарбийлари Буюк Британия, Канада ва Германиядан келаётган қишки ёрдам эвазига, шубҳасиз, россияликларга нисбатан вазиятдан яхшироқ фойдаланади.
Январда Украина ҳатто кампаниянинг якуний фазаси — Қримни қайтариб олишга киришиши мумкин.
“Кўпроғини кутинг”
Давид Гендельман, исроиллик ҳарбий эксперт:
Фикримча, томонлар кейинги босқичда қуйидагиларни мақсад қилган.
Сафарбар қилинган россияликларнинг фақатгина ярми ҳарбий ҳаракатлар зонасида. Қолганлар Херсондан чекингандан кейин бўшаган кучлар билан бирга Россияга янги ҳужум бошлаш имконини беради.
Луганск ва Донецк вилоятлари оккупацияси давом этади, аммо Павлограддан жанубга силжиб, Донбассдаги украин кучларини қуршовга олиш эҳтимоли кам.
Катта эҳтимол билан ҳозирги тактика — украиналикларнинг тор ҳуддудан сиқиб чиқариб, секинлик билан олдинга силжиши давом этади. Сватово-Кременной районида ҳам шундай усул қўлланади.
Украина энергетик инфратузилмаси ва қўшинларнинг орқа тарафига давом этаётган ҳужумлар жорий уруш стратегиясининг бошқа томони саналади.
Херсондаги чекинишдан сўнг украиналиклар анча кучларини озод қилди. Украин армияси учун энг устувор йўналиш ҳозирда жанубда — Мелитополь ва Бердянск бўлиб қолмоқда. Бундан кўзланган мақсад Россиянинг Қрим билан боғловчи йўлагини кесиб қўйиш. Бу Украинанинг йирик ғалабаси бўлиши мумкин, айнан шунинг учун руслар Мелитополни мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Киев учун яна бир вариант — Сватово. Бу ердаги муваффақиятли ҳаракатлар Россия қўшинларининг шимолий қанотини хавф остига қўяди.
Шу билан бирга ҳужумларга қанча куч зарурлиги, уларни амалга ошириш, янги бўлинмалар тузиш масаласи очиқлигича қолмоқда.
Бу саволларга аёзли кунлар бошлангач, жавоб оламиз. Айнан шу вақтда урушнинг якунлари қандай бўлиши ойдинлашади.







