Организмга йод етишмаётганини қандай билиш мумкин?
Йоднинг ками ҳам, кўпи ҳам зарар.

Қалқонсимон без патологияси дунё бўйлаб тарқалиш бўйича қандли диабетдан сўнг иккинчи ўринда туради. Бу ҳам нотўғри овқатланиш оқибатлари билан боғлиқ.
Бунинг устига, Марказий Осиё ҳудудида ҳаво ҳарорати жуда юқори бўлиши тупроқ таркибидаги йод моддасининг ҳам буғланиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса, ўз навбатида, йоднинг ўсимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари орқали одам организмига етарли бўлган миқдорда қабул қилинишини чеклайди.
Шу боис Ўзбекистон йод танқислиги касалликлари кенг тарқалган эндемик минтақалар сирасига киради.
Йод етишмовчилиги қалқонсимон безни ишдан чиқариб боради. Энг ёмони, йод танқислигини асоратлар пайдо бўлмасидан олдин билиш қийин.
Аммо буни айрим белгилари борки, улар орқали вақтида чора кўришни бошлаш мумкин. Бироқ, ёдда тутинг, ўзбошимчалик билан даволаниш ярамайди.
Йод нафақат қалқонсимон без ишида қатнашади, шунингдек, ҳужайралар яхши нафас олишини ва натрий ҳамда гормонлар транспортировкасини ҳам таъминлайди. Бу жараёнлар бузилганда эса организмнинг барча тизимларида муаммолар бошланади.
Меъёрда инсон танасида 50 мг йод сақланади. Қалқонсимон безда бунинг ярмидан ортиғи сақланади, қолган йод мушаклар ва қонда, аёлларда эса тухумдонларда ҳам тақсимланади.
Йод танқислиги қалқонсимон без ёрдам сигнали юбора бошланганида сезилади. Аммо зарур микроэлемент етишмаётганини билдирувчи бир қатор аломатлар мавжуд.
Вазн ортиши, шишлар, доимий чарчоқ ҳисси, депрессив ҳолат, кайфият тушиши, диққат ва хотира пасайиши, ҳайз цикли бузилиши, қулоқлардаги шовқин, бош айланиши, рангсизлик шулар жумласидандир.
Агар шу аломатларнинг бирортаси сезилса, эндокринологга мурожаат қилинг. Агар сизни ҳеч нарса безовта қилмаса ҳам, профилактика мақсадида шифокорга кўриниб туринг.
Аммо ўзбошимчалик билан йод истеъмолига киришманг! Унутманг, йоднинг организмда ортиқча бўлиши унинг етишмовчилигидан ҳам хавфлироқ.








