Уруш, иқлим инқирози ва дунёни кутаётган рецессия
Давос иқтисодий форуми бу йил қандай ўтмоқда?

Ҳар йили дунёнинг сиёсий ва иқтисодий элитаси январь ойида Швейцариянинг Давосида тўпланади. Унда глобал миқёсдаги масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Жорий йил Давос форуми ўзига хос бўлиши аниқ эди. 1945 йилдан буён уруш кўрмаган Европа маркази аланга ичида қолди; иқлим муаммолари тобора чигаллашмоқда; халқаро муносабатларнинг архитектураси ўзгариш арафасида. Бу ва бошқа омиллар туфайли форум кун тартиби қизғин бўлмоқда.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, тадбирга рекорд даражадаги – икки минг етти юздан ортиқ иштирокчилар ташриф буюришган. Улар орасида сиёсатчилар, тадбиркорлар, олимлар ва журналистлар бор. Унда инфляция, паст иқтисодий ўсиш, саноатнинг пасайиши, ижтимоий масалалар муҳокама қилинмоқда.
Дунёнинг кўплаб минтақалари таназзулга юз тутмоқда ва бутун дунё иқтисодий ўсишнинг секинлашишига дуч келмоқда. Бу инқирозни фақат биргаликда ҳаракат қилиш орқали бартараф этиш мумкин.
Дунё иқтисодиётини иккига бўлган низо
БМТ раҳбари Антониу Гутерриш маърузаси дунё иқтисодиётига бағишланди.
“Биз мен энг катта низо деб атайдиган нарсага дуч келмоқдамиз, бу дунёнинг икки йирик иқтисодиёти ўртасидаги бўлинишдир”, — деди БМТ раҳбари АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётганидан огоҳлантириб.
Гутерришнинг сўзларига кўра, ушбу “тектоник силжиш” натижасида дунёда савдо соҳасида иккита қоидалар тўплами, иккита доминант валюта, иккита интернет ва сунъий интеллект соҳасида иккита қарама-қарши стратегия бўлиши мумкин. Бундай бўлиниш жаҳон ялпи ички маҳсулотини 1,4 триллион долларга камайтиради.
БМТ Бош котиби АҚШ ва Хитой ўртасида, масалан, инсон ҳуқуқлари ва минтақавий хавфсизлик масалаларида муқаррар келишмовчиликлар бўлиши мумкинлигини тан олади.
“Аммо шундай бўлса ҳам, — деди у, — келажакда иқтисодий бўлиниш ёки ҳатто юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршиликларга йўл қўймаслик учун иқлим, савдо ва технологияларни ривожлантириш соҳасида конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш нафақат мумкин, балки зарур”.
Иқлим ҳалокати
Шунингдек, БМТ Бош котиби иқлим ҳалокати ҳақида ҳам гапирди.
Иссиқхона газлари эмиссияси ортиб бормоқда ва ҳеч қандай чора кўрилмаса, инсоният меъёрдан 2,8 даража иссиқликни бошдан кечиради. Бундай сценарийнинг оқибатлари ҳалокатли бўлади.
“Ёқилғи компаниялари 70 йилларда улар ишлаб чиқарадиган маҳсулот сайёрамизни ъпиширишиниʼ билишган, аммо тамаки саноати каби улар ҳам ўзларининг ҳақиқатини тарғиб қилишган. Баъзи нефть гигантлари улкан ёлғонларни тарқатишди. Тамаки саноатида бўлгани каби айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак”, — деди Гутерриш.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби кўмирдан босқичма-босқич воз кечиш, “қайта тикланадиган энергия инқилобини” бошлаш, қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни тугатиш ва табиатга қарши урушни тугатишга чақирди.
Украинадаги можаронинг оқибатлари
Гутерришга кўра, ҳарбий можаро озиқ-овқат ва энергия нархлари, таъминот занжири ва ядро хавфсизлигига таъсир қилиб, халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ Низоми асосларини бузди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина ва Россиядан озиқ-овқат ҳамда ўғитлар экспорт қилиш масаласида барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Дунё энди жим турмаслиги керак
Форумда Украина президенти Владимир Зеленский видоконференция орқали нутқ сўзлади.
У иттифоқчиларини Россия билан уруш пайтида Киевга ёрдам бериш бўйича қарорларни тезлаштиришга чақирди.
“Фожиалар ҳаётдан ўзиб кетмоқда. Золимлик демократиядан олдинда. Урушни бошлаш учун Россияга бир сония ҳам керак бўлмади. Аммо унга қарши биринчи санкцияларни жорий қилишда дунёга бир неча кун керак бўлди. Эркин дунё ўйлашга сарфлаган вақтини террорчи давлат ўлдиришга сарфламоқда.
2014 йилда Россия ҳеч иккиланмасдан Қримни босиб олганида дунё иккиланди. 2022 йилда Россия иккиланмасдан кенг миқёсли урушга кирганида дунё иккиланди. Дунё бугун ва бошқа ҳеч қачон иккиланмаслиги керак. Ёвузлик қасос олишга интилганда, қатъият ва тезлик зарур”, — деди Зеленский.
У Украинани ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш Россиянинг навбатдаги ракета ҳужумларидан олдин, Киевга ғарб танкларини бериш Россия зирҳли машиналарининг бостириб киришидан олдин, Украинада тинчликни тиклаш эса Россия бошқа давлатларга ҳужум қилишидан олдин амалга оширилиши кераклигини таъкидлади.
Украина раҳбари нутқидан кейинги саволларга жавоб берар экан, Киев вилоятининг Бровари шаҳридаги вертолёт ҳалокатини уруш оқибати деб билишини айтди.
“Мен буни жамиятимиз бошдан кечираётган уруш оқибати деб биламан: бу тасодиф эмас, бу уруш. Уруш нафақат жанг майдонида, балки бир неча йўналишда кетмоқда. Бу ёғига бахтсиз ҳодиса деган нарса йўқ, буларнинг барчаси уруш оқибати”, — деди Зеленский.
Германия мослашувчан давлат
Германия канцлери Олаф Шольц ҳам Давосдаги Халқаро Иқтисодий Форумда сўзлаган нутқида Европа энергияси ва Украинадаги урушга тўхталди.
Унинг сўзларига кўра, Берлин Россия газининг ўрнини босувчи ресурсни муваффақиятли топишга муваффақ бўлди ва қиш ойларида суюлтирилган газ терминаллари ёрдамида энергия билан таъминланди.
“Бу Германия мослашувчан, тез ва бюрократиясиз ҳаракат қила олишини кўрсатди. Уруш тугаши учун Россия тажовузи барбод бўлиши керак. Шунинг учун ҳам шерикларимиз билан маслаҳатлашган ҳолда Украинани қурол билан таъминлаймиз”, — деди канцлер.
Шу билан бирга Шольц тингловчиларнинг Украина Қуролли Кучларига немис танкларини етказиб бериш бошланадими ёки йўқми, деган саволига аниқ жавоб бермади.
“Биз Украинани нафақат молиявий ресурслар ва инсонпарварлик ёрдами, балки кўп сонли қурол-яроғ билан ҳам қўллаб-қувватлаймиз”, — деб таъкидлаган. Аммо у бу саволга «танк» сўзини айтмай жавоб берди.
Украина НАТОга қабул қилиниши керак
Давосданги тадбирда сўзга чиққан АҚШнинг собиқ давлат котиби Генри Киссинжер Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига кириши ҳақидаги фикрини ўзгартирганини ва энди бу мамлакат келажакда НАТОга қабул қилиниши кераклигига ишонишини айтди.
“Менимча, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши тўғри натижа бўлади”, — деди Киссинжер.
Илгари Генри Киссинжер Украина учун нейтрал мақомни ёқлаб чиққан ва у ҳарбий иттифоқларнинг бир қисми бўлмаслиги керак деб ҳисоблаган.
“Ҳозирги шароитда нейтрал Украина ғояси энди мантиқий эмас”, — деб тан олди сиёсатчи.
99 ёшли Генри Киссинжер, шунингдек, Москва билан мулоқотга ҳамда Ғарб ва Россия ўртасидаги урушнинг олдини олишга чақирди. У келажакда инқироздан сўнг РФнинг халқаро тизимга қайтишига имкон бериш кераклигини тарғиб қилди.
Ўтган йил май ойининг охирида Киссинжер Киевга Россия билан тинчлик шартномасини тузиш учун баъзи ҳудудий имтиёзларга рози бўлишни таклиф қилган эди. Бироқ Украина президенти Зеленский бу таклифни танқид қилганди.
Европа Иттифоқи нима дейди?
АҚШ ва Европа давлатларининг санкциялари Россия иқтисодиётини ретсессияга олиб келади, деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен форумда.
“Биз мумкин бўлган энг кучли санкцияларни қўлладик, бу Россия иқтисодиётини ўнлаб йиллик таназзулга олиб келади ҳамда унинг саноати ҳеч қандай замонавий ва муҳим технологияларсиз қолади.
Бизнинг Украинани қўллаб-қувватлашимиз энергия, иссиқлик ва сув таъминотини тиклашдан тортиб мамлакатни қайта тиклаш бўйича узоқ муддатли саъй-ҳаракатларга тайёргарлик кўришгача бўлган чексиз ёрдамимизни англатади. Ниятимизни тасдиқлаган ҳолда биз кеча Еврокомиссия Украинага 3 миллиард евро миқдорида молиявий пакет тақдим этганини эълон қилдик. Бу 2023 йилга мўлжалланган 18 миллиард долларлик ёрдам пакетимизнинг биринчи транши бўлиб, учинчи давлатга берилган энг йирик макромолиявий ёрдамдир”, — деди сиёсатчи.
Ўз навбатида Владимир Зеленский маблағ олинганини тасдиқлади ва кучли қўллаб-қувватлаш учун миннатдорчилик билдирди.








