Дунёда энг йирик захиралардан бирига эга Эронда газ танқислиги кузатилмоқда. Нима учун?
Январь ойи бошида вазир Оуджи аҳолини огоҳлантириб, иссиқроқ кийинишга ва истеъмолни камайтиришга чақирганди.

Йирик газ конларига эга Эрон энергетик инқироз авжига чиққан пайтда Европага ўзини муҳим етказиб берувчи сифатида таклиф қилганди. Аммо орадан бир неча ой ўтиб Теҳронниинг ўзи газ танқислиги билан тўқнашди. Муаммо нимада?
Эронда газ етишмовчилиги
2022 йил сентябрида Эрон нефть вазири агар қиш совуқ келса, газ етмаслиги ҳақида огоҳлантирганди. Аммо бу эронликларга эмас, европаликларга қарата айтилди. Ҳатто чиқишларидан бирида у ЕИ давлатларида бошқарув ёмонлигини ҳам айтганди. вазирнинг бундай баёнотига айрим экспертларнинг Россия газни етказиб беришни тўхтатган тақдирда Европа саноати дуч келадиган муаммолар ҳақидаги прогнозлари сабаб бўлган.
Теҳрон ўшанда ўзини муқобил етказиб берувчи сифатида таклиф қилган ва ядро музокараларидаги позициясини мустаҳкамлаб олганини тахмин қилганди.
“Биз газ захиралари бўйича дунёда иккинчи ўриндамиз, Европани бемалол таъминлашимиз мумкин”, – деганди Эрон ТИВ вакили Носир Канани.
Аммо эронликлар бунинг учун АҚШнинг мамлакатга қарши санкциялари бекор қилиниши зарурлигини таъкидлашганди. Музокаралардаги бошқа томонлар Теҳронни МАГАТЭ (Халқаро атом энергетикаси агентлиги) билан ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди, аммо Эрон томони буни рад этди. Шунинг учун газ экспорти бўйича режалар қоғозда қолиб кетди.
Вақт ўтиши билан Евроиттифоқда вазият барқарорлашди. Аммо уч ойдан сўнг Эроннинг ўзи мамлакат ичкарисида эскирган инфратузилма туфайли газ танқислигига дуч келди.
Эроннинг газ муаммоси
Нефть вазирлиги Эронда газ қазиб олишда техник муаммолар борлигини тан олди. Январь бошида вазир Оуджи аҳолини огоҳлантирди:
“Уйда бўлсангиз, иссиқроқ кийининг ва истеъмолни камайтиринг. Ким кўпроқ газдан фойдаланса, тармоқдан узиб қўйилишини билиши керак”.
Бу баёнотдан кейин мамлакат шимоли шарқидаги ҳудудлардан бирида барча давлат ташкилотлари газ ва электрни тежаш мақсадида ёпилди. 84 миллион аҳолиси бор мамлакатда мактаблар ва давлат идоралари ҳафталар давомида ёпиқ. Уй ичида илиқроқ кийиниш эронликлар учун ноодатий ҳолат, чунки мамлакатнинг улкан захиралари бор. Аммо ундан аксарият ҳолларда самарасиз фойдаланилади.
Муаммо ўта катта истеъмолда
“Эрон газ ва бошқа энергетик ресурслардан бесамар фойдалангани ортидан жуда кўп истеъмол қилади”, – дейди Берлиндаги Orient Matters консалтинг бюроси раҳбари Давид Жалилванд.
Ҳукумат субвенциялар орқали иқтисодий ҳаётни жонлантиришга ҳаракат қилади ва бу Эронда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатдаги уй хўжаликларининг оғир ҳолати уларни бекор қилишга йўл қўймайди.
Ҳукумат, шунингдек, саноатда, айниқса, темир, пўлат ва цемент ишлаб чиқаришда ҳам энергия истеъмолини камайтиришга ҳаракат қилади. 2020 йилдаги расмий маълумотларга кўра, Эрон газ истеъмоли бўйича АҚШ, Россия ва Хитойдан кейинги ўринда туради.
“Охирги 20 йилда Эрон газ қазиб олишни сезиларли даражада оширди. Аммо йирик ресурслар фонида қазиб олишнинг мавжуд ҳажми етарли эмас. Бунга сабаблардан бири АҚШ санкциялари туфайли илғор технологиялардан фойдаланишнинг чекланганлиги саналади. Яқин келажакда Теҳронда газ экспортини ошириш учун зарур қувватлар бўлмайди”, – деган Жалилванд.
Ҳамкорлар ёки рақобатчилар?
АҚШ чекловлари ортидан Теҳрон ва Москва ўзаро кооперацияни кучайтирмоқчи. 2022 йил июлида Россиянинг “Газпром” компанияси Эроннинг NIOC нефть концерни билан 40 миллиард долларлик келишувга эришди. Рус гиганти эронлик ҳамкорига 2 газ ва 6 нефть конини ўзлаштиришга ёрдам беради.
Аммо Жалилванд Россия бу келишувга ишончсизлик билан қарашини айтмоқда. Унинг фикрича, Москва жаҳон бозорида ўзидан кучли ҳамкорни қўллаб-қувватлашни истамайди. Аммо эксперт санкциялар ортидан Россия энерготашувчиларини сотиш имконияти пасайганига ҳам эътибор қаратган. Ҳозирда Кремль Эроннинг анъанавий мижозлари — Хитой, Ҳиндистон ва Туркияга нефть-газ сотяпти.








