Иорданияда черковга қилинган ҳужум: уч нафар эркак ўлим жазосига ҳукм қилинди
Ҳужум 23 октябрь куни юнон православ черковида дафн маросими вақтида содир бўлганди.

Иордания Давлат хавфсизлиги суди мамлакат жанубидаги Карак вилоятида черковга ҳужум уюштириб, тўққиз кишининг ўлимига сабаб бўлган уч нафар эркакни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Судланувчилар ўлим билан якунланган террорчилик ҳаракатларини содир этиш, террорчилик мақсадларида қурол ва ўқ-дорилар сақлаш, шунингдек, террорчилик гуруҳи мафкурасини тарғиб қилишда айбдор деб топилган. Ҳукм устидан шикоят қилиш мумкин, бундан ташқари, у Кассация суди томонидан мажбурий тартибда қайта кўриб чиқилади.
Ҳужум 23 октябрь куни Ҳамуд қишлоғидаги юнон православ черковида дафн маросими вақтида содир бўлган. Қуролланган шахслар йиғилганларга қарата ўт очган. Оқибатда тўққиз киши ҳалок бўлган, яна 34 киши жароҳатланган. Мазкур ҳодиса Иорданиядаги христиан озчилигига қарши-камдан-кам учрайдиган ҳужумлардан бири бўлди.
Иордания хавфсизлик кучлари 26 октябрь куни Каракдаги ташландиқ уйда юз берган отишмадан сўнг уч нафар гумонланувчини қўлга олган. Отишма вақтида уларнинг барчаси яраланган, хавфсизлик хизмати ходимлари орасида эса жабрланганлар бўлмаган.
Шу куни Иордания Суриянинг жанубида черковга қилинган ҳужумга алоқадор деб ҳисобланган гуруҳларга қарши ҳаво зарбалари берган. Сурия расмийлари зарбалар оқибатида етти киши, жумладан, уч нафар бола ва бир аёл ҳалок бўлганини билдирган.
Кейинчалик Иордания ҳаво зарбалари оқибатида Сурияда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини тан олди. 9 ноябрь куни икки давлат ҳодиса ва унинг оқибатларини ўрганиш учун қўшма хавфсизлик қўмитасини тузишга келишиб олгани маълум бўлди.








