Хитой АҚШ ва Россия билан ядровий пойгага киришадими?
ХХР илк ядро синовларини 1964 йилда ўтказган, ўша пайтдан бери хитойликлар минимал ядровий тийиб туриш доктринасига амал қилиб келади. Аммо Россия-Украина можароси тажрибаси Пекинни стратегияни ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин.

Кўплаб экспертлар Хитойни XXI асрда АҚШнинг асосий рақобатчиси ва дунёнинг иккинчи рақамли гегемон давлати сифатида кўрмоқда. Ушбу фонда Россия тобора кўпроқ (айниқса, Украина можаросидан кейин) ХХРнинг “кичик” ҳамкори сифатида талқин қилиняпти. Аммо бир аспектда — ядровий салоҳиятда Москва ҳамон Пекиндан анча олдинда.
Аммо геосиёсий даъволар эртами-кечми Хитойни ўтган асрнинг 60-йилларида қабул қилинган минимал ядровий тийиб туриш доктринасини ўзгартиришга мажбур қилади. Ўша пайтда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти паст эди. Лекин ҳозир вазият бутунлай бошқача. Айниқса, Россия-Украина можароси тажрибаси Пекинга катта таъсир қилди: уруш бошлаган ядровий давлат ўз арсеналидан сиёсий ва психологик босим сифатида фойдаланиши мумкин. Хитойнинг ядро кучларининг бугунги ҳолати қандай ва у қай даражада тез бу салоҳиятини модернизация қила олади? Re:Russia лойиҳаси бу ҳақда махсус материал эълон қилди.
Пентагон ҳисоб-китобларига кўра, Хитойнинг ядро каллаклари захираси 2027 йилга бориб 700 тага етиши мумкин. Мазкур кўрсаткич 2030 йилда мингтага, 2035 йилда эса 1,5 мингтага етиши кутилмоқда. Бу эса Россия ва АҚШнинг ядро зарядларидан бир неча баробарга кам (мос равишда 4477 ва 3708 та каллак). Катта эҳтимол билан Хитойда ҳозирда 410 та каллак бор, унинг кенгайиши суръати эса бундан аввал ҳам Америка разведкаси томонидан бир неча бор ошириб кўрсатилганди. Ҳозирги прогнозлар 2019-2021 йиллар оралиғидаги ўсиш проекциясига асосланган (арсенал 2 йилда 290 тадан 350 та каллакка кўпайган).
Хитойнинг ядро салоҳиятини кучайтириши плутоний, бойитилган уран ва тритий захираларига боғлиқ. Уран ва тритий билан муаммо бўлмаса-да, қурол плутонийси ишлаб чиқариш 80-йиллардаёқ тўхтатиб қўйилган. Пекин фуқаролик объектларидан ҳарбий мақсадларда ҳам фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Шунинг учун 2023 ва 2026 йилларда Фуцзянь провинциясида тез нейтронларда ишлайдиган икки реактор ишга тушгач, плутоний захиралари кўпайиши мумкин. У ерда тайёр ёнилғини қайта ишлаш орқали Хитой йилига 300 килограммгача қурол плутонийсини қўлга киритади.
АҚШ давлат департаменти ҳам ХХРнинг ядро синовларини тақиқлаш бўйича шартномани бузишини тахмин қилмоқда. Хитой томони ушбу келишувни имзолаган бўлса-да, ратификация қилмаган. Шу билан бирга, департамент бу бўйича аниқ далиллар келтирмаган ва хитойликларни очиқчасига айбламаяпти. Унинг ҳисоботида фақатгина сунъий йўлдошдан тасвирга олинган, қуриб қолган Лабнор кўлида кенгайтирилган ядро полигони ва Хитой атом саноати бўйича ношаффоф ҳисоботлар юзасидан хавотирлар ҳақида сўз боради.
Аниқ маълумотлардан бири шундаки, мамлакат шимолидаги очиқ тоғли минтақаларда 350 та ядро шахталари қурилиши тугалланмоқда — улар ҳам сунъий йўлдош ёрдамида аниқланган. Мавжуд шахталар билан қўшиб ҳисобланса, уларнинг сони 450 тадан ортади, бу АҚШдаги мавжуд шу турдаги объектларга тенг. Уларнинг ҳаммаси ракеталар билан тўлдириладими — бу масала ҳамон очиқлигича қолмоқда. Масалан, Америкада 50 та шахта бўш туради. Пекин шахталарнинг бир қисмидан чалғитиш мақсадида фойдаланиш мумкин: ядро уруши пайтида душман унинг ядро арсеналининг ҳаммасини олдиндан йўқ қилиш имкониятидан айрилади.
Шундай бўлса-да, бу қурилишлар Хитой ядро доктринаси ўзгариши эҳтимоли юзасидан АҚШнинг хавотирларига сабаб бўлди. Илк ядро синовлари ўтказилган 1964 йилдан бери ХХР атом пойгасида иштирок этмайди ва минимал ядровий тийиб туриш стратегиясини қабул қилган. Бу ядро ҳужумини олдини олишда жавоб зарбалари беришни назарда тутади. Аммо Пекиннинг дунёнинг етакчи давлати бўлишдаги даъволари бу позициянинг ўзгаришига олиб келиши мумкин. Пентагоннинг 2022 йилги ҳисоботида қайд этилишича, “Хитой катта эҳтимол билан ядро арсеналининг аксарият қисмини тинчлик даври ҳолатида сақлайди — унинг қисмлари алоҳида-алоҳида сақланади”. Шу билан бирга Пекин ҳеч қачон минимал тийиб туриш нимани англатиши очиқ айтмаган. Ҳозирги сиёсий лидерлар буни қандай тушунади — бу масала ҳам очиқлигича қолмоқда.
ХХР ядро қуролини етказиб берувчи воситаларини модернизация қилмоқда, аммо унда ҳалигача АҚШнинг шарқий қирғоқлари, жумладан, Вашингтонга зарба берувчи қурилмалар мавжуд эмас. Олтита атом сувости кемалари Россия ва Америка кемаларига нисбатан шовқинли, шунинг учун низо юзага чиққан тақдирда улар ҳимояланган Жанубий Хитой денгизида қолади. Сувусти кемалари ядро тизими эса умуман йўқ. Хитой ҳаво флоти 1960-70 йилларда бомба етказишни машқ қилган, аммо кейинчалик бу дастур расман тўхтатилди. Айни пайтда хитойликлар стелс-самолётлар ва ҳаводан учириладиган ядро ракеталарини ишлаб чиқмоқда.
Энг узоқ масофага учадиган DF-31A модели 11 200 километрдаги нишонларни йўқ қилиши мумкин, бу АҚШнинг ярим ҳудудига етиб боришни таъминлайди. Шу билан бирга, Пекин 2021 йилда бошқариладиган жанговар блокли қисман орбитал қурилмани синовдан ўтказди. Пентагон маълумотларига кўра, у 40 минг километрга учиб бориши ва ҳавода 100 дақиқадан ортиқ бўлиши мумкин. Бу Америка ракетага қарши мудофаа тизими учун катта хавф туғдиради.
АҚШ мудофаа вазирлигига кўра, катта миқдордаги ядро шахталари эрта қарши зарба стратегиясига ўтилганини англатади. Сенсорлар сигнали орқали Хитой душман ракета учирганини билиши ва ўз арсенали йўқ қилинишидан олдин зарба беришга улгуриши мумкин. Армия энг камида 2017 йилдан буён худди шу сценарий билан машқлар ўтказган ва бегона ракеталарни кузатиш учун битта сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан. Аммо булар ХХРни минимал ядровий тийиб туриш доктринасидан воз кечганини англатмайди — Россия ва АҚШ ҳам қаттиқ ёнилғили шахта ракеталаридан фойдаланади ва бу вазият зарур ҳамда барқарорлаштирувчи эканини таъкидлаб келади.
Пентагон тахминича, Хитой иккита ҳолатда ядро зарбасини бериши мумкин. Биринчиси — оддий ракеталар орқали берилган зарба мамлакат ядро кучлари ва қўмондонлиги фаолиятига таҳдид солса ёки унинг кучи ядро зарбасига тенг бўлса. Иккинчи ҳолат — оддий қуроллар билан кечаётган низо ХХРнинг мавжудлигига таҳдид туғдирса, Пекин атом қуролидан фойдаланади.
Ядро арсеналининг модернизацияси ва кенгайиши эҳтимолий можароларда Хитойга қўшимча босим ўтказиш имконини беради. Аммо ҳозирда ҳеч нарса мамлакат ядро доктринаси тажовузкор бўлаётганига ишора қилмаяпти. Аксинча, АҚШ ҳарбийларининг фикрича, ХХР армияси имкон қадар деэскалация йўлини танлайди.
Шу билан бирга, Россия-Украина можароси тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ядровий давлат бошлаган кенг қамровли конвенционал уруш шароитида ушбу арсенал сиёсий ва психологик босимда қўл келиши мумкин. Айнан шу шарт анъанавий ядро доктриналаридаги тийиб туриш риторикасини қайта кўриб чиқишга ундайди.








