Фарзандлар билан бирга томоша қилиш керак бўлган мультфильмлар
Илгари мультфильмлар сони саноқли бўлар ва биз болалар уларнинг ҳаммасини бир неча мартадан кўриб тўймасдик. Бугун эса уларнинг сони шунчалик кўпайиб кетганки, қайси бирини кўришни билмайсиз.

Илгари мультфильмлар сони саноқли бўлар ва биз болалар уларнинг ҳаммасини бир неча мартадан кўриб тўймасдик. Бугун эса уларнинг сони шунчалик кўпайиб кетганки, қайси бирини кўришни билмайсиз.
Албатта, бундай катта оқим ичидан болага қандайдир яхши ғояни тушунтириб берадиган ижобий мультфильмни топиш мушкул. Бугун бизнинг назаримизда ана шу вазифани уддалай олган мультфильмлар рўйхати билан таништирамиз.
Этик кийган мушук: сўнгги истак, 2022 й. (АҚШ)
Этик кийган мушук 9 тадан 8 та жонини ишатиб бўлди. Аммо шунга қарамай, у сарфланган ҳаётларини қайтариш учун хавфли сафарга отланади. Этик кийган мушук бу мультфильм орқали болаларга эпчиллик ва зукколик ҳаётда муваффақиятга эришишга ёрдам беришини ўргатади.
Балерина, 2016 й. (Франция, Канада)
“Балерина” мультфильми етим қиз ҳақида сўзлайди. У балерина бўлиш орзуси ортидан Парижга келади ва машҳур балериналар мактабига кирмоқчи бўлади. Аммо орзуларга эришиш у ўйлаганчалик осон эмас эди.
Мультфильмнинг асосий ғояси инсон фақат ўзига ёқадиган иш билан шуғулланиши ва мақсад сари ҳаракатланишда эмас, балки ҳақиқий мақсадлар ҳақидадир. Шунингдек, мультфильм инсон ўзи қилаётган ишдан боши айланиб, бошқаларга паст назар билан қарамаслик кераклигини уқтиради.
Махлуқлар таътилда, 2012 й. (АҚШ)
Граф Дракула бошчилигидаги ёқимтой махлуқлар ташқи оламдан ажралган меҳмонхонада яшайди. Дракула яккаю-ягона қизини ташқи душманлардан ҳимоя қилиб вояга етказади, аммо уларнинг осуда ҳаёти бир куни издан чиқади.
Мультфильм болага инсонни ташқи кўринишдан келиб чиқиб баҳолаш нотўғри экани, асосийси, унинг ички гўзаллиги эканини тушунтиради. Шунингдек, оила инсон ҳаётида муҳим ўрин тутиши мультфильмнинг асосий ғоясидир.
Смолфут, 2018 й. (АҚШ)
Миго исмли қор одами тоғдан инсонлар дунёсига тушади. Бу ерда уни бир олам саргузаштлар кутаётган эди. Аммо бир дунё тўсиқларни енгиб, уйига қайтганида ҳам унинг ҳаёти аввалгидек бўлмайди.
Бу мультфильм табиатга ғамхўрлик қилиш, жониворлар, ва умуман, ҳар бир жонзодни қадрлашга ўргатади. Шунингдек, дўстлик, хиёнат, ўзаро ёрдам бериш ва жасурлик ҳақида сўзлайди.
Денгиз махлуқи, 2022 й. (АҚШ, Канада)
Ўсмир қиз денгиз махлуқлари овчисининг кемасида яшириниб олади ва натижада номаълум жойларга саёҳатга отланади. Тарихни қайта ёзиш ва инсон ҳамда махлуқ ўртасидаги чегараларни йўқ қилиш – мультфильмнинг асосий ғоясидир.
Коко сири, 2017 й. (АҚШ)
12 ёшли Мигель марҳумлар салтанатига ўз кумири – қўшиқчи Эрнестор де ла Крус билан учрашиш учун боради.
Ноодатий мультфильм яқинларни асраш, улар билан ўтказилган вақтни қадрлаш ва қанчалик мураккаб бўлмасада, орзуларга интилиш ҳақида сўзлайди.
Бошқотирма, 2015 й. (АҚШ)
Райли – оддий ўқувчи. Унинг хулқини асосий ҳислар – Қувонч, Қайғу, Қўрқув, Жаҳл ва Ирганиш бошқаради. Унинг бошидаги бу одамчалар қизга ҳаётий қийинчиликларни енгишда ёрдам беради.
Мультфильм инсон турли ҳиссиётларга бой экани, аммо улардан бирортаси етишмаса у бошқача бўлиб қолишини кўрсатади. Шунингдек, бошқа инсоннинг ичи ҳам худди бизникидек мураккаб дунёдан иборат экани ва унинг фикри ва ҳисларини ҳурмат қилиш кераклигини тушунтиради.
Қумурсқалар-2, 2018 й. (Франция, Гваделупа)
Мультфильм қаҳрамонлари бўлган қумурсқалар хавф-хатарга тўла ўрмонда яшайди. Картина орқали болалар қушлар ва қумурсқалар оламини ўрганиши, шунингдек, замонавий дунёнинг қатор муаммолари: ўрмонлар қисқариши, экологик вазият ёмонлашиши кабилар билан танишиши мумкин.
Уй, 2015 й. (АҚШ)
Ўзга сайёраликлар Ерни эгаллаб, унинг қоидаларини ўзгартиришга киришган. Туҳфа исмли жасур қизча босқинчилардан қочиб, онасини қидиришга киришган. Саёҳати давомида у О исмли ўзга сайёралик билан сулҳ тузишга мажбур бўлади. Бу ғайриоддий жуфтлик Ерни яна бир хавфдан қутқаришига тўғри келади.
Мультфильм қаҳрамонлари ўзаро ишонч, ваъдага вафо, оптимизм қанчалик муҳим эканини кўрсатиб беради.
Эверест, 2019 й. (АҚШ, Хитой)
Қўрқинчли момиқ махлуқ тадқиқот лабораториясидан қочиб кетади. У уй томи остида яшаб юрганида қизча кўриб қолади ва дўстларига сўзлаб беради. Болалар махлуқни олимлардан қутқаришга киришади ва бир талай саргузаштларни бошдан ўтказади.
Мультфильм давомида болалар мураккаб вазиятда характернинг янги қирралари очилиши ва бир-бирига ёрдам бериш қандай бўлишини кузатади. Шунингдек, мультфильм абадий қадриятлар - муҳаббат, оила, инсонларнинг руҳан яқинлигини ҳам кўрсатиб беради.
Қаҳрамонлар шаҳри, 2014 й. (АҚШ)
Мультфильмнинг асосий қаҳрамони – экспериментал робот Бэймакс. У қувноқ семизвойдан жанговар машинага айлана олади.
Картина бир қанча ҳаётий масалаларни қамраб олган, аммо уларнинг асосийси дўстлик, таълимнинг аҳамияти ва доимий ривожланишдир.
Шарофат Маҳмудова тайёрлади








