Ўзбекистонни титратган зилзила: қўрқув, миш-миш ва прогнозлар

21 март куни Афғонистонда, 23 март эса Тожикистонда кучли зилзилалар содир бўлди. Унинг кучи ҳатто қўшни республикаларга ҳам сезилди. Ижтимоий тармоқда навбатдаги кучли ер силкиниши Ўзбекистонда бўлиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Булар қанчалик ҳақиқат?

Ўзбекистонни титратган зилзила: қўрқув, миш-миш ва прогнозлар

 

Бир неча кун олдин Ўзбекистонда кузатилган кучли ер силкинишлари кўпчиликнинг “тинчини бузди”. Яқиндагина Туркияда содир бўлган зилзила ва унинг оқибатида 50 мингдан ортиқ одамнинг ҳалок бўлгани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилгани йўқ. Шу сабаб мамлакатда кузатилган бу фавқулодда вазият одамларни анча хавотирга қўйди.

 

Нималар бўлди?

 

21 март куни Тошкент вақти билан соат 21:47 да Афғонистонда 6,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг Ўзбекистонда сезилиш кучи 5–6 баллни ташкил этди ва республиканинг деярли барча ҳудудида ер қимирлади. Бу, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи инсонларни кўпроқ хавотирга солди. Айрим инсонлар зилзила қайталанишидан қўрқиб ўша тунни кўчада ўтказди. Орадан 2 соат вақт ўтиб Афғонистонда яна 4 балли ер силкиниши бўлиб, зилзила “қайтганди”. Бу Ўзбекистон ҳудудига сезилмаган.

 

23 март куни соат 01:07 да Тожикистонда ҳам 6 балли ер силкиниши содир бўлди. Бу ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Хоразм вилоятидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудига таъсир қилган ва 4–5 магнитудали зилзила қайд этилган.

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, юзага келган ҳолатлар оқибатида республика ҳудудида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисалар кузатилмаган. Бино ва иншоотларга зарар етмаган.

 

Кетма-кет 2 кун содир бўлган бу ер силкинишлари фонида ижтимоий тармоқда Ўзбекистонда яна кучли зилзила кутилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалди. Бу маълумотлар мутахассислар томонидан рад этилиб, унинг юз беришини олдиндан прогноз қилиб бўлмаслиги айтилди.

 

Зилзиланинг олдиндан билиш мумкинми?

 

Бугунги кунда замонавий илм-фан анчагина ривожланган бўлса ҳам, дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила содир бўладиган сана ва ҳатто тахминий вақтни башорат қила оладиган технологиялар мавжуд эмас.

 

“TRT WORLD” сайтида ёзилишича, зилзила юз берадиган вақтни башорат қилиш қийин. Зилзила зарарини камайтириш мақсадида олимлар йиллар давомида уларни таҳлил қилиш усулларини ишлаб чиққан.

 

Хавф харитаси ва бошқа усуллар ёрдамида олимлар фақат катта миқёсдаги зилзила эҳтимолини башорат қилишлари ва унинг потенциал эпицентрини аниқлашлари мумкин. Бироқ улар аниқ муддатни айта олмайди. 

 

АҚШ Геологик хизмати маълумотига кўра, зилзилани самарали прогноз қилиш учун 3 нарса зарур: зилзила содир бўлиш ҳудуди, вақти ва унинг магнитудаси. Бироқ ҳозиргача ҳеч ким бу 3 та талабга жавоб бера оладиган аниқликдаги прогнозни қила олмаган.

 

Зилзила ҳақида бир дақиқа олдин билиш мумкин

 

Ер силкиниши содир бўлган куни Android фойдаланувчиларининг кўпчилигига зилзила содир бўлишидан бир дақиқача олдин Google томонидан огоҳлантириш юборилган. Унинг қандай ишлаши борасида ҳам ижтимоий тармоқда турли муҳокамалар бўлди.

 

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда ҳам Сейсмология институти директори ўринбосари Воҳидхон Исмоилов зилзилани олдиндан аниқлаш йўналишидаги ишларга тўхталди.

 

Маълум қилинишича, зилзила ўчоғидан тарқалган бўйлама тўлқиннинг яқин атрофдаги сейсмик станцияларда қайд қилингандан сўнг 3 сонияда зилзила тўғрисидаги маълумот, яъни ўчоқнинг чуқурлиги, зилзила кучи, орадаги масофа Google тизими орқали дунёга тарқалади. 

 

Тадқиқотчилар эрта огоҳлантириш тизими жорий қилинганда 3 сония ичида шикастланишларни 14 фоизга, 10 сонияда жароҳатланиш ва қурбонларни 39 фоизга ва 20 сонияда 63 фоизга қисқартириши мумкинлигини айтмоқда.

 

Худди шундай минтақавий тизим Мексикада, Хитойда, Тайванда, Италияда, Руминияда ва бошқа давлатларда ҳам қўлланилмоқда. Лекин Google компанияси яратган мобил дастур бутун жаҳонни қамраб олиш имкониятига эга.

 

Навбатдаги “қўрқинчли хабар”

 

Шунингдек, бугун Ўзбекистонда 6 баллдан 9 баллгача зилзила кузатилиши мумкин бўлган ҳудудлар рўйхати тақдим этилгани ҳақида хабар сиздирилди.

 

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу рўйхатни ўзининг расмий сайтига жойлаштиргани айтилади. Унга кўра, жами 359 аҳоли яшаш пунктлари сейсмик фаол ҳудудга киритилган. Баъзи ҳудудлар 9 балли сейсмик фаол ҳудудларга яқин ҳудудларда жойлашган бўлишига қарамай, чуқур илмий ўрганишлар асосида 6 балли ҳудуд қаторига киритилган.

 

“Бу рўйхат Ўзбекистоннинг умумий сейсмик районлаштириш харитасидан келиб чиқиб тузилган. Ва қачонлардир ҳудудларда шу кучдаги зилзила бўлиши мумкинлигини англатади. Балки, 20, балки, 100 ёки балки 1000 йилдан сўнг”, — дейди мутахассис Эркин Абдулаҳатов.

 

Кейинроқ ижтимоий тармоқда тарқалган рўйхат ФВВ томонидан эълон қилинмагани маълум бўлди.

 

“Аҳолимизни саросимага тушмасликка ва фейк хабарларга ишонмасликка чақириб қоламиз”, — дейилади хабарда.

 

Кутилмаган табиий офат — зилзиланинг вақти ва жойини олдиндан аниқ билиш имкони йўқ экан, демак, инсоният доим унга тайёр туриши ва зарур эҳтиёт чораларини кўриб, ер силкиниши юз берган вақтга нималар қилиш керак ёки керак эмаслигини билиши лозим. Ана шундагина ортиқча қўрқув ва ваҳималарга ҳам ўрин қолмайди. 

 

Жавоҳирбек ТУРСУНОВ

custom img

Кобулдаги хусусий мактабда портлаш содир бўлди, ўқувчилар жароҳатланди

Ўқувчилар дарслардан чиққанидан кейин мактаб ҳовлисига граната отилган.

custom img

Қозоғистонда 19 ёшли ўзбекистонлик келин вафот этди

У ўлимидан олдин дугонасига эри ширинлик туфайли уни урганини айтган.

custom img

Хивада 12,3 гектарлик халқаро туристик шаҳарча барпо этилади

Мажмуада меҳмонхоналар, музей, ресторанлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилади.

custom img

Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудларни алмашиш бўйича кейинги қадамларни келишиб олди

Ҳудудларни алмашиш бўйича келишувларни амалга ошириш учун қўшма ишчи гуруҳ тузди. Гуруҳ аҳоли фуқаролиги, кўчириш, мулкий ҳуқуқлар, ердан фойдаланиш ва ижтимоий ҳимоя масалаларини ҳал қилади.

custom img

Хоразм вилоятида 176 миллион долларлик 12 та лойиҳа ишга туширилди

Янги лойиҳаларни ишга тушириш маросими Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтди.

custom img

Хивада Ляонин педагогика университети филиали очилди

Мажмуани қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бу ерда 120 та янги иш ўрни яратилган.

custom img

Ўзбекистон ва Туркия журналистлари медиа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Томонлар журналистлар малакасини ошириш, рақамли медиа, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар бўйича қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди.

custom img

“Одил судлов – 2030”: суд тизимида янги ислоҳотлар босқичи

2027–2030 йилларда барча туман ва шаҳарларда фуқаролик ишлари бўйича судлар ташкил этилади.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"