0

“Араванинг хумори тутаверади”

Шарқшунослик институтини битириб аравакашлик қилган Жавоҳир, бозордаги саргузаштлар – кўздан четда қолаётган аравакашлар ҳаётига назар.

“Араванинг хумори тутаверади”

 

Фарғона шаҳар “Марказий деҳқон бозори”. 60 нафарга яқин аравакаш аравасини ғизиллатиб у ёқдан-бу ёққа ўтиб қайтмоқда. Беш-олтитаси мижоз кутиб, ҳангома қуриб ўтиришибди.

 

Улардан бири қирқ ёшлар атрофидаги Олимжон Ниёзов уч йилдан бери шу ерда арава тортиб, тирикчилик қилади. Фарзандлари ёш, икки қизи ҳам мактабда ўқир экан. Ҳали хўроз қичқирмай, у Қува туманидан шаҳар марказига йўлга отланади. Машиналар қатнови сийрак бўлгани сабаб туман марказигача 2-3 километр яёв боради. Айниқса, совуқ, ёмғирли кунларда иссиқ ўрнидан туриб ишга бориш, куни билан ташқарида тик оёқда туришга юраги бетламайди. Аммо тирикчилик аталмиш бўйинтуруқ бўйнига осилганидан буён оиласи учун ҳаловатидан кечишга мажбур.

 

Орада Россияга бориб ишлаган-у, кундалик юмушлардан топгани урвоқ ҳам бўлмаган. Ватанга қайтиб, шу ишнинг бошидан тутган. Энг катта – 800 кило юкни кўтарадиган аравани ҳар куни ижарага олади, ижара ҳақига кунлик 13 минг сўм тўлайди. Пешона тери билан топган 70-80 минг сўми рўзғорига киради. Ҳартугул, қора қозони қайнаб турганига хурсанд.

 

Табиатан қувноқ, 31 ёшга тўлган Темурхон Мирзаев эса уч ойдан буён аравакашлик қилади. Яшаш жойи Фарғона шаҳрининг Абдулла Қодирий мавзесида. Аввалдан бозорда турли юмушларни бажарган, савдо-сотиқда ишлаган.

 

– Мени шу бозор катта қилди. ‘Отанг бозор, онанг бозор’, дейишади-ку, шу гап менга айтилгандек, дейди у.

 

Оила боқувчисини йўқотгач, ҳамма оғирлик унинг елкасига тушган. Онаси, опаларининг ёлғиз суянчи, тиргагига айланган. Ёшлигидан ўзини пул топишга урган Темурхон ўқишга, олий таълим олишга имкони, вақти бўлмаган.

 

– Бозорда ҳар хил одамни кўрасиз. 60 та аравакаш бўлса, уларнинг тақдири, феъл-атвори ҳам турлича, дейди  “Марказий деҳқон бозори” раҳбар ўринбосари Хайрулло Жўраев. – Лекин аксари оиласидан тинчимаган, турмуш шароити оғир одамлар мажбурликдан, чорасизликдан келади. Баъзан ўзига иккита келадиган арава тортиб юрган болаларга кўзим тушиб қолади. Уларни нозирга айтиб, бозордан четлаштирамиз. Аммо ўйлаб қоламан, тўғри қилдимми йўқми деб. Чунки сўраб-суриштирсам, оилада ундан бошқа боқувчи бўлмайди. Уйига кирадиган ризқини қирқдикмикан, деб хотиржам бўлолмайман. Бировнинг киссасини, уйини, молини ўмармай, ҳалол меҳнат қилаётган эди...

 

Тақдирлар, ҳолатлар, вазиятлар шу қадар чигалки, қонунан тўғри деб қарор қилганингиз, кимнингдир аксинча келажагига соя солиб қўяётгандек. Ахир, ўқисин, деганимиз билан қорни очнинг хаёлига китоб ўқиш келармиди?! Мактабга боришга ҳам йўлкираси бўлмаса-чи? Парадоксни қарангки, арава тортиб ҳам кўпга бориб бўлмайди. Ўзи истаган келажакни китоб титкиламай қура олмайди...

 

Қувонарлиси, Олимжон аканинг ҳам, Темурхоннинг ҳам нияти – фарзандларини ўқитиш, элга-юртга кўпроқ нафи тегадиган инсонлар қилиб тарбиялаш. Иккиси ҳам фарзандларини ўзининг бошига тушган оғирлик, камситилиш, ночорлик енгиб қўймаслигини истайди. Сўзларини тинглай туриб, амин бўлдимки, уларни ҳаёт тарбиялаяпти, улар ҳаёт мактабида ўқияпти.

 

Тошкент давлат шарқшунослик институтининг араб филологиясини тамомлаган Жавоҳир Исроилов мутахассислиги бўйича иш тополмагач, бозорга арава тортишга чиқади. Араванинг орқасидан қизини узатиб, ўғлини уйлаган. Беш-олти йил бу иш билан шуғулланиб, ичкиликка муккасидан кетадиган, топганини томоғига ёпадиган бўлгач,  яхшилар, яқинларнинг тўғри йўл кўрсатиши, ўзи ҳам ҳаёт тарзини ўзгартирмаса ботқоққа ботиб кетаётганини англаши биланоқ ҳаммасига қўл силтаб, қурилиш компаниясига ишга киради. У кунлар ўтмишда қолди. Аммо теварак-атрофимизга теранроқ боқсак, олий маълумотли бўла туриб ҳам арава тортиб юрганлар, ҳаётнинг бешафқат зарбалари олдида осон таслим бўлганларни кўришимиз, балки ёрдам қўлини чўзишимиз мумкин.

 

– Одамларимиз сахий, – дейди аравакаш Темурхон. – Ёрдам бўлсин деб хизмат ҳақимизга қўшиб берадиганлар ҳам бор. Янги йил байрами арафаси бир аёл торт, ширинликлар сотиб олди. Уйи шу атрофда экан, элтиб бердим. Битта тортни совға қилиб юборди.

 

– Аравакашлар ичида ҳалоли ҳам, олғирроғи ҳам учрайди, – гапни давом эттирди деҳқон бозори раҳбар ўринбосари Хайрулло Жўраев. – Янги йил деганига ёдимга тушди. Бир аравакаш йигит байрам дастурхонига 450 минг сўмлик харажат қилган аёлнинг ҳамма бозорлигини олиб, уйига кетиб қолибди. Ўша кунлари одам гавжум эди, аёл оломоннинг ичидан уни тополмай, бизга мурожаат қилди. Бир зумда бозор нозири билан “олғир”нинг кимлигини аниқлаб, яшаш манзили – Тошлоқдан ҳамма маҳсулотини қайтариб келтириб бердик.

 

Бозорда араванинг ортидан мана шундай “саргузаштлар” ҳам бўлиб тураркан. Аравакаш Олимжон ака “Бозорда ҳар куни ҳар хил воқеалар бўлади, турли одамларни кўрамиз, зерикмайман. Шу ишга ўрганиб қолдим. Уйда қолсам, араванинг хумори тутаверади”, дейди кулиб.

 

Эътибордан, назардан четда қолаётган аравакашлар ҳаётига назар ташлаб, уларнинг армонлари каби орзулари ҳам катталигини, аммо тақдир уларнинг юзидаги синиқ кулгиларини араванинг ғилдираклари остида синдириб ўтаётганини, шундай эса-да бошига не келса ҳам, яшашга ўзида куч топаётганини чуқурроқ ҳис этасиз. Арава тортиб кетаётган одамга кўзимиз тушганида, энг аввало, улар ўзининг ғамларини кўтариб кетаётганини, ҳаётнинг юзига тик боққанча енгилмай курашаётганини эслаб қўйсак кифоя. Балки, шунда уларга ҳам меҳр нигоҳи билан боқа олармидик?..

 

Севара Алижонова тайёрлади

custom img

Метрода поездлар ҳаракати оралиғи қисқаради

Янги тартиб 4 сентябрдан амал қилади.

custom img

Янги ўқув йилидан автобуслар сони ва қатнови кўпайтирилади

Сентябрь ойидан ишга чиқарилаётган автобусларнинг қарийб 100 тага кўпайиши айтилмоқда.

custom img

Энди «дом»ларни қарздорлик бўлмагандагина сотиш мумкин бўлади

Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

custom img

Ёқилғи бакларига яширилган 55 килограммлик наркотик модда фош қилинди

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

custom img

Тошкентдан Дохага тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди

Мунтазам йўловчи қатновлари ҳафтада бир марта амалга оширилади.

custom img

Йўловчилар тунда ҳам автобус хизматидан фойдаланиши мумкин

Ҳукумат қарори билан шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишга рухсат берилади.

custom img

Ўзбекистонда резидент авиакомпанияларнинг парвозлар сони ошди

Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.

custom img

Энди балиқчилик лойиҳаларини амалга оширишда гаровсиз кредит берилади

Бу бўйича Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"