Тоқаев АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказмоқчи
“Кўплаб фуқаролар ва бир қатор экспертлар атом электр станциялари хавфсизлигидан хавотирда”, деган Қозоғистон раҳбари.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев атом электр станциясини қуриш масаласини умумхалқ референдумига қўйишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Спутник» хабар бермоқда.
“2019 йилда сайловолди дастуримда энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар референдум йўли билан қабул қилинишига ваъда бергандим. АЭС қуриш ёки уни қуришдан бош тортиш мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ ўта муҳим масала. Шунинг учун мен уни умумхалқ референдумига қўйишни таклиф этаман. Аниқ вақтини кейинроқ ҳал қиламиз”, деди Тоқаев жума куни Қозоғистон халқига йиллик мурожаатида.
Президент атом энергетикасини ривожлантириш муҳим иқтисодий ва сиёсий масалага айланганини қайд этди.
“Мамлакатимизда атом электр станциясини қуриш мақсадга мувофиқлиги ҳақида турли фикрлар борлигини биласиз. Бир томондан Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси сифатида ўз атом ишлаб чиқаришига эга бўлиши керак. Айрим экспертлар кичик реакторлар билан заводлар қуриш тарафдори. Бошқа томондан, кўплаб фуқаролар ва бир қатор экспертлар атом электр станциялари хавфсизлигидан хавотирда. Семипалатинск ядро полигонининг фожиали меросини ҳисобга олсак, буни тушуниш мумкин”, — дея қўшимча қилди у.
Қозоғистон раҳбари бу борада жамоатчилик муҳокамаларини ва ҳар томонлама кенг муҳокамани давом эттириш зарурлигини таъкидлади.







