Бозорларда узум нархи қимматладими?
Вазирлик тармоқда тарқалган хабарларга изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда узум нархининг ошиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, масъуллар Тошкент шаҳрида бозорлардаги узум нархларини ўрганиб чиққан. Унда маҳаллий «Кишмиш» навли қора узум нархи 15-25 минг сўм атрофида, Ҳусайни узумлари эса 20-40 минг сўмгача борлиги кузатилган.
“Ўта қиммат нархлар ҳақидаги хабар асоссиз бўлиб, гибридланган ёхуд нави ўзгартирилган йирик узумларнинг нархи оддий маҳаллий навлардан нархи юқори. Мисол учун, «Аватар» навли узумнинг 1 килоси 35 минг сўмдан 70-80 минг сўмгача, «Мерседес» навли узумнинг килодаги нархи 30 минг сўмдан 70 минг сўмгача эканлиги аниқланди”, — дейилади хабарда.
Қора кишмиш ва ҳусайни узумининг нархи эса харидорлар учун мақбул нархда сотилмоқда.
Таъкидланишича, барча узум навлари ҳам қиммат эмас. Истеъмол учун яроқли, таъми ширин маҳаллий «Кишмиш», “Кетмон сопи”, “Келин бармоқ” навли узумларнинг нархи эса 15 мингдан 40 минг сўмгача сотилмоқда. «Тойфи» навли кузда пишиб етиладиган узумнинг нархи 10-15 минг сўм атрофида сотилмоқда.
“Нашрлар томонидан келтирилган 200 минг сўм турадиган узумга келсак, гибрид етиштирилган ва доимий истеъмолга тақдим этилган нав ҳақида сўз кетмаяпти. Кунлик истеъмол ва бошқа мақсадлар учун харид орасидаги аниқликни тўғри қўйишни сўраймиз”, — дея изоҳ билдирган вазирлик.







