Фарғонада салкам 1,5 миллиард сўмлик контрабанданинг олди олинди
Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар берди.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Данғара туманида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида ушбу туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро бошқарувидаги “ДАМАС” русумли автотранспорт воситаси яшаш хонадонларининг бирига кирган вақтида тўхтатилиб автотранспорт воситаси ва мазкур хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситаси ва хонадонда четдан ноқонуний олиб кирилаётган ва сақланаётган хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 18 турдаги жами 131 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 3 турдаги 9 500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб ушбу туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “HAFEI” ва “ДАМАС” русумли автотранспорт воситалари ҳам тўхтатилиб кўздан кечирилганида автомашиналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 14 турдаги жами 67 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 2 турдаги 20500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида, дастлабки умумий қиймати 1 миллиард 406 миллион сўмлик жами 292 мингдан ортиқ сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 30 000 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.







