Андижонда йиғма уй-жойлар ишлаб чиқариш бошланмоқда
Янги лойиҳа Туркия билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Андижонда йиғма уй-жойлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги маълум қилди.
Президент ташаббуси билан Ўрта Осиёда ягона лойиҳа Андижонда ишга туширилади.
Қайд этилишича, Андижонда Туркия ҳамкорлигида амалга оширилаётган йиғма уй-жойлар ишлаб чиқариш заводи қурилиши якунланмоқда.
"Modern sunny home" МЧЖ томонидан инвестиция маблағлари ёрдамида ташкил этилаётган мазкур завод арзон ва қисқа муддатда қуриладиган йиғма уйларни ишлаб чиқаради.
Бугунги кунда корхона ҳудудига Туркия давлатидан қурилмалар ва иш жиҳозлари олиб келиш бошланган. Айни вақтда вилоят раҳбари билан тузилган келишувга асосан қардош халқ мутахассислари дастгоҳларни ўрнатиш ишларини олиб боришмоқда.
"Ушбу лойиҳа аҳолимизни уй билан таъминлашда катта қулайлик яратади. Шунингдек, бу каби уйлар арзон, сифатли, замонавий эканлиги ва қисқа фурсатда барпо этилиши билан бутун дунё миқёсида ижобий баҳоланиб келади", дейилади хабарда.







