Фаластин — Исроил уруши: 76 йил аввал йўқотилган тинчлик тикланадими?

7 октябрь тонги — “жин кўзадан чиқди”. Россия — Украина можароси ҳали ниҳоясига етмай, Яқин Шарқда уруш бошланди.

Фаластин — Исроил уруши: 76 йил аввал йўқотилган тинчлик тикланадими?

 

Эски “дард”

 

7 октябрь тонги — “жин кўзадан чиқди”. Россия — Украина можароси ҳали ниҳоясига етмай, Яқин Шарқда уруш бошланди. ҲАМАС ҳаракати Исроил бўйлаб минглаб ракеталар учирди, қуролланган гуруҳлар чегарани бузиб ўтиб аҳоли яшаш манзилларига ҳужум қилишди, юзлаб кишилар ўлдирилди ва гаровга олинди (улар орасида тинч аҳоли вакиллари ҳам, ҳарбийлар ҳам бор). Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо сектори бўйлаб ўт оча бошлади: қурбонлар сони 2 мингга яқинлашмоқда.

 

Ғазо сектори Ўрта ер денгизи соҳилидаги ҳудуд бўлиб, умумий майдони 365 квадрат километр ва 2,3 миллион аҳолига эга. Бу минтақа дунёдаги энг зич жойлашган минтақалардан биридир.

 

Ғазонинг барча ҳаво ҳудуди ва қирғоқ хавфсизлиги Исроил назорати остида. Яъни, юк ташиш ҳам уларнинг қўлида. Миср ҳам худди шундай назоратни ўрнатган.

 

БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги аҳолининг 80 фоизи халқаро ёрдамга боғлиқ. Уларнинг орасида 1 миллионга яқин одам фақат кунлик озиқ-овқат тарқатиш орқали тирик қолади.

 

Маълумки, Исроил 1943 йилда давлатчиликни эълон қилган. Бироқ Исроилни тан олишни истамаганлар ҳамон унинг ҳудудини Фаластиннинг асл замини деб билади.

 

Фаластинликлар, шунингдек, Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини ва Ғазо секторини, Шарқий Қуддус (Шарқий Иерусалим)ни бир сўз билан Фаластин деб атайди.

 

Исроилга ҳужумга нима туртки бўлди?

 

ҲАМАС вакили Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида, қуролли гуруҳ фаластинликлар ўнлаб йиллар давомида дуч келаётган ваҳшийликларга жавобан ҳарбий операция бошлаганини айтди.

 

“Биз халқаро ҳамжамиятдан Ғазодаги фаластинликларга, Ал-Ақсо масжиди каби муқаддас масканларимизга нисбатан ваҳшийликларни тўхтатишини истаймиз. Буларнинг барчаси бу жангга сабабдир”, — деди у.

 

ҲАМАС шанба кунги ҳужум ҳарбий амалиётнинг бошланиши эканини айтди ва бошқа қуролли гуруҳларни сафга қўшилишга чақирди. ҲАМАС жангарилари қўмондони Муҳаммад Дейф фаластинликлар ва бошқа арабларни “босқинчиларни қириб ташлашга” чақирди.

 

Кўплаб экспертлар ва сиёсатшуносларнинг айтишича, ҲАМАС ҳужуми Яқин Шарқдаги энг қудратли қурол бўлмиш Исроилни ҳайратда қолдирган. Ҳужум ҳаво, қуруқлик ва денгиз орқали амалга оширилди.

 

“ҲАМАС Исроилда урушга тайёр эмасдек таассурот қолдирди. Сўнгги ойларда у йирик операцияга тайёргарлик кўраётганига ишора қилмаган, Исроилга қарши ҳужум режалаштираётганига ҳам шама қилгани йўқ. Буни мислсиз разведка тактикаси деб аташ мумкин”, — дея Reuters агентлиги ҲАМАС'га яқин манбанинг фикрини маълум қилди.

 

Улар ҳатто Ғазо секторидаги Исроилга тегишли аҳоли пунктларининг макетини ҳам ясаган, аҳоли пунктларига қўниш ва ҳужум қилиш усулларини ишлаб чиққан ва тайёрлаган.

 

“Албатта, Исроил ҳаммасини кузатиб турарди. Аммо у ҲАМАСни можародан манфаатдор эмас деб ўйлади”, — дейди Муҳаммад Дейф.

 

Исроил хавфсизлик хизматидаги манбанинг Reuters агентлигига айтишича, Ғазо секторидаги Исроил армияси қуролли кучларининг аксарияти Ғарбий Соҳилда тўпланган.

 

Ғазодаги ўликхоналарда жой қолмади — ОАВ

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармасининг маълум қилишича, Ғазо секторида 187 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди. Икки томондан қурбонлар сони 1600 дан ортиқ.

 

ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши ракета отишда давом этмоқда, Исроил кучлари ҳам ҳаракат позицияларига интенсив ҳужумлар уюштирмоқда.

 

Кеча, 9 октябрь куни ҲАМАС'нинг Исроилга ҳужуми оқибатида жами 900 дан ортиқ исроиллик, шунингдек, чет эл фуқаролари ҳалок бўлган.

 

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 2 616 киши жароҳат олган.

 

Охирги 24 соат ичида Ғазо секторидаги оммавий кўчирилишлар сони 187 518 дан ортиқ кишига етди ва бундан буён ҳам ортиши кутилмоқда. Ғазода жанговар ҳаракатлар авж олгандан бери тўртта мактаб ва саккизта тиббиёт муассасаси зарар кўрган.

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Ғазо секторида вақтинчалик кўчирилганлар сони 2014 йилда 50 кунлик жанглар авж олганидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

 

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 687 фаластинлик ҳалок бўлган, яна 3 800 нафари яраланган. Исроил кучлари тунда Хон Юнус шаҳри яқинида тўртта тез ёрдам машинасига ҳужум қилган. Байт Ханун шаҳридаги ягона шифохона ракета ҳужуми оқибатида вайрон бўлган.

 

Уч кундан буён давом этаётган ҳужумлар оқибатида Ғазодаги 7 та шифохона ва тиббий марказ жиддий талафот кўрган.

 

«Соғлиқни сақлаш тизими фаолияти учун электр энергия етишмовчилиги кучаймоқда. Бу эса беморлар ва жароҳатланганлар ҳаётига хавф солмоқда», — дейилади ССВ баёнотида. 

 

Фаластин томони Исроил кучлари тиббий ходимларга ҳам ҳужум қилаётганидан шикоят қилган. Охирги кунларда 5 нафар тиббий ходим ўлдирилган, 10 нафари жароҳатланган.

 

Euronews хабарига кўра, Ғазодаги барча шифохоналар тўлиб кетган, ўликхоналарда ҳам жой қолмаган.

 

Вазият ўта мураккаблигини маълум қилган Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги халқаро ҳамжамиятдан тиббий кўмак учун хавфсиз йўлак очиш, шунингдек, бирламчи зарурий дори-дармон, тиббий буюмлар, ёнилғи ва генератор билан таъминлашни сўраган.

 

Энди нима бўлади?

 

Исроил — Фаластин муносабатларида муаммолар жуда кўп ва ҳар икки томон ҳам уларни биргаликда ҳал қилишни хоҳламайди. Қуддус мақоми тўғрисидаги тўқнашувлар ва диний низолар аслида тўқнашувларни юзага келтириш учун бир баҳонадек кўринади гўё. Исроил учун ўз давлатининг ҳудудини араблар яшайдиган ҳудудлар ҳисобига кенгайтириш муаммоси жуда муҳим. Фаластинлик араблар учун эса тирик қолиш масаласи кун тартибидаги асосий мавзу ҳисобланади. 

 

Сўнгги дамларда ижтимоий тармоқларда яна авж олган хунрезлик тўғрисида бир-бирига зид қарашлар, фикрлар, мулоҳазалар илгари сурилмоқда. Кимдир фаластинлик мусулмонлар томонидан эканини айтиб, Исроилга йўлланган зарбалардан хурсандлигини билдирса, яна кимдир ёш болаларнинг, аёлларнинг гаровга олиниши, ўлдирилиши улкан разолат эканини айтиб бонг ураётир.

 

Албатта, ҳар ким ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга. Араб — Исроил можаросига унинг тарихидан етарлича хабардор бўлмасдан туриб, бир томонлама хулоса чиқариш тўғри эмас, бизнингча! Ҳар қалай, бугунги кунда юз минглаб аҳоли бу фожиалардан азият чекиши, ҳар йили юзлаб қурбонлар берилишига лоқайд қараб бўлмайди. Бу можаро борада нафақат Фаластин ва Исроил, балки ташқи кучларнинг ҳам муросасизлиги туфайли ечим топмай келмоқда. Жабрини эса, нафақат оддий мусулмонлар, балки яҳудийлар ҳам тортиб келаётир.

 

Аслида, зулм ҳар қандай динда қораланади. Разолатнинг, жаҳолатнинг мазҳаби, миллати бўлмайди. Ҳеч бир инсон фақат диний ёки миллий мансубияти туфайлигина таъқиб этилиши, жазоланиши, ўлдирилиши бугунги кун меъёрларига асло тўғри келмайди.

 

Хоҳ араб бўлсин, хоҳ яҳудий — ҳеч бир бегуноҳ банданинг қони тўкилишини, тинч аҳоли вакилларининг гаровга олиниши, таҳқирланишини асло оқлаб бўлмайди. Бу эски можаро нега бирдан яна авж нуқтага етганини эса, ҳар ким ҳар хил талқин этмоқда. Аммо шу билан бирга бу хати-ҳаракатларни ким, нима учун бошлаганидан қатъий назар, ҳарбий тўқнашувларда фаластинликлар бир неча баробар кўпроқ талафот кўриши, Исроил ҳукуматининг қасоси узоқ куттирмаслигини тахмин қилиш қийин эмас. Чунки ўтмишдаги воқеалар шундай хулоса чиқаришга ундамоқда.

 

Тонгни шукроналик ҳиси ила қарши олиб, тинч, осуда, мусаффо осмон остида яшаш, оила бағрида фароғатли дамлар шукуҳини суриш, ОЗОДЛИК, ҲУРЛИК, ТИНЧЛИК туйғуларини баралла куйлаш, болаларнинг алла ва эртак эшитиб ором олиши, аслида, ЭНГ КАТТА БАХТ. Инсонда мана шу бебаҳо неъмат бўлсагина у ўзини чин маънода бахтли ҳис этади.

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

Малайзия 1,5 мингга яқин мянмаликни қайтарди: БМТ уруш ва таъқиб хавфидан огоҳлантирди

UNHCR уларнинг уруш давом этаётган мамлакатга қайтарилиши ортидан таъқибга учраши ёки мажбурий ҳарбий хизматга жалб қилинишидан хавотир билдирмоқда.

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева Тошкент архитектура-қурилиш университети фаолияти билан танишди

Саида Мирзиёева замонавий ва яшил шаҳарларни барпо этишда янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

Қозоғистонда ҳарбийлар ўлими: 13 та жиноят иши қўзғатилди

14 нафар ҳарбий ҳалок бўлган Каспий денгизидаги машғулотларни режалаштиришда қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Қора денгизда кемада ёнғин чиқди: икки киши ҳалок бўлди

Руминия оммавий ахборот воситалари дон ортилган Туркия кемасига дрон зарбаси берилганини билдирмоқда.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.