Қашқадарёдаги кўлдан 57 ёшли эркак жасади топилди
Марҳумнинг оила аъзолари унинг қасддан ўлдирилганини тахмин қилмоқда.

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидаги Сечанкўлдан 57 ёшли эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Зокир Тошев 2023 йилнинг 5 октябрь куни яшаш уйидан ишлаш учун чиқиб кетган.
"Ўша куни отам балиқ овлаш мақсадида соат 15:00—16:00 оралиғида кўлга тушиб кетган. Ва кўлдан шу билан қайтиб чиқмаган", — дейди марҳумнинг қизи Юлдуз Авазова.
Эркакнинг ўша куни бирга бўлган шериги улар балиқ овига борганида тўлқин бўлиб, иккита қайиқ ағдарилиб кетганини, ўзлари сузиб қирғоққа чиққанини айтиб берган.
“Ўша куни бир ярим соатлар бирга суздик. Аммо қоронғи тушгач, отанг сузиб олдинлаб кетди. Мен у кишини кўрмай қолдим, узоқлашиб кетди. Шу билан йўқотиб қўйдим. Демак, менга ёрдамчи олиб келади деб ўйладим”, деяпти шериги. Отамнинг шериги ўша куни анча сузиб, кўлдан чиққан. Ўзлари яшаш жойига борган. Отамни кўрмагач, ўзлари излаган. Лекин топишолмаган, — дейди марҳумнинг қизи.
Марҳумнинг оила аъзолари унинг ўлимида кимнингдир қўли борлигини, қасд қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.







