Amazon'дан Tesla'гача: IT соҳасида ўзбекистонлик ёшлар забт этаётган марралар
Мамлакатимизда АКТ соҳасига берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган ёшлар бугун дунёнинг нуфузли компанияларида ишламоқда.

IT саноати ривожи мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳар қандай соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун, энг аввало, юқори сифатли таълим базасини яратиш муҳим. Шу йўналишда мамлакатимизда ИТ-таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимидаги IT олий таълим муассасалари Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг 6 та филиали, Тошкент шаҳридаги Инҳа ва Амити университетлари томонидан 35 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича 29 минг нафарга яқин олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, 2022 йилда “EPAM Systems” халқаро IT-компания билан ҳамкорликда биринчи онлайн шаклдаги “IT-Park University” рақамли университети фаолияти йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Қоракўл IT кластерини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Ушбу кластерда 2023/2024 ўқув йилидан IT йўналиш бўйича Бухоро вилоятида Ҳиндистон билан ҳамкорликда Ачаря Университети ташкил этилди. IТ-кластер доирасида масофавий IТ-хизматлар экспорти маркази, илмий-тадқиқот марказлари ва ўқув лабораториялар, стартап лойиҳаларни ривожлантириш инкубация маркази ва бошқа объектлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро IT-сертификатларга эга ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 9 майдаги 310-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни IT соҳасида салоҳиятини ошириш, шунингдек, IT билимларга қизиқтириш мақсадида халқаро IT-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш тизими жорий этилган.
Халқаро IT-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш бўйича “IT-istedod” портали ишга туширилди, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлар портали (“my.gov.uz”) орқали аризаларни қабул қилиш учун “Халқаро IT-сертификатларини олиш ҳамда ўқиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини қоплаб бериш” хизмати жорий этилди.
Ўз билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 2022-2023 йилларда жами 2 500 тадан зиёд ёшлар халқаро IT-сертификатни олиш учун аризалар топширган бўлиб, Шундан 800 нафардан ортиқ ёшларга мазкур сертификатлар бўйича 50 фоизгача бўлган харажатлари қоплаб берилди (шундан, 2023 йилда 351 нафар).
Мактабларда IT йўналишига ўқитиш ва иқтидорли ёшларни саралаш бўйича “Муҳаммад ал-Хоразмий рақамли ворислари” лойиҳаси жорий этилади. Бунда, Ай-Ти соҳасига қизиқиши юқори бўлган ёшлар саралаб олиниб, дарсдан ташқари вақтда махсус гуруҳларда IT ва хорижий тилларга ўқитилади.
Лойиҳа доирасида 213 та мактаблардан жами 4 мингдан ортиқ 7-11-синф ўқувчиларга таълим берилади.
Йилига 800 нафардан ортиқ IT ва хорижий тил кўникмаларига эга ўқувчилар етишиб чиқади.
IT соҳадаги ўқув курсларда таҳсил олаётган ёки ушбу ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган 48 минг нафардан ортиқ ёшлар компьютер харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилди.
Ёшлар орасида ахборот технологиялари бўйича кўникмаларини шакллантириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида рақамлаштиришда фаол иштирок этадиган иқтидорли ёшларни тайёрлаш мақсадида “Мирзо Улуғбек ворислари” ўқув курслари ташкил этилди.
Талабгор талабалардан 322 та онлайн ариза қабул қилинди. Ҳозирда талабалардан IQ тест олиш учун техник тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг АКТга масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш тизими йўлга қўйилди.
Давлат ташкилотларида фаолият юритаётган IT соҳасидаги малакали кадрларни рағбатлантириш ва ёшлар орасида мазкур касбга бўлган эътибор ва қизиқишларини ошириш мақсадида халқаро IT сертификатга эга АКТга масъул ходимларига 20 фоиз миқдорда устамага тўлаш амалиёти йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ битирувчилари 100 дан ортиқ нуфузли маҳаллий ва хорижий корхона ва ташкилотларда фаолият юритиб келмоқда.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан берилган катта билим ва тажриба университет битирувчиларига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам рақобатбардош бўлиш имконини беради. Масалан, битирувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи IT-соҳасида, 15 фоиздан ортиғи логистика соҳасида ва 10 фоизга яқини хусусий тадбиркорлардир.
Шундай қилиб, битирувчилар Microsoft, EPAM Systems, Udevs, Momox, Tesla, Amazon, Tik-Tok, Huawei,TBC bank, Uz Railways, Payme.uz, Uzcard, IT PARK ва бошқа кўплаб компанияларида ўз иш фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги билимини ошириш ташаббусларида фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 22-августдаги “2022-2023-йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 206-сон қарорига мувофиқ талабалар учун рақамли технологиялар соҳасидаги малакасини ошириш мақсадида Рақамли технологиялар вазирлиги, Мирзо-Улуғбек жамғармаси кўмагида ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети академик кўмагида “Мирзо Улуғбек ворислари” ўқув тайёрлов курслари ташкил этилди.
Ушбу дастур учун имтиҳонлар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қошидаги Узлуксиз Таълим Маркази ўқитувчилари томонидан тузилган. Шунингдек, ТшИУ ва Узлуксиз таълим маркази ўқитувчилари IELTS имтиҳонларига ҳам тайёрлайдилар.
Рақамли трансформация замонавий инсон ҳаётини босқичма-босқич ўзгартирмоқда. Бугунги кунда АКТсиз самарали иқтисодиёт, сифатли таълим, замонавий ва инновацион ишлаб чиқариш жараёнларини тасаввур этиб бўлмайди.
Бундай шароитда рақамли ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири бу иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларида талаб қилинадиган IT-мутахассисларни тайёрлашдир. Мактаб, ўрта махсус ва олий таълим доирасида IT-кадрларни узлуксиз тайёрлашнинг комплекс тизимини яратиш бу йўналишдаги биринчи ва муҳим шартдир.
Шу мақсадда Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш соҳасини замон талаблари, замонавий иқтисодиёт ва меҳнат бозори асосида тизимли ислоҳ қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида эса мазкур соҳада бир қатор халқаро ОТМ ва уларнинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди ва мавжуд ОТМлар фаолияти такомиллаштирилди ва уларда перспектив IT-соҳаси кадрлари таҳсил олмоқда.







